АсосийЖамият

“Халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда”

Президент Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади.

'“Халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда”'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига миннатдорлик билдирди.

Ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Муҳтарам Қуролли Кучларимиз фахрийлари!

Қадрли юртдошлар!

Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман.

Барчамиз учун шон-шараф тимсолига айланган мана шу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимизни, муҳтарам фахрийларимизни табриклаб, уларнинг шаънига энг эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Сизларнинг азму шижоатингиз, эл-юртга садоқатингиз туфайли халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти таъминланмоқда, мамлакатимизнинг мудофаа салоҳияти мустаҳкамланмоқда, миллий армиямизнинг жанговар қобилияти юксалмоқда.

Юртимиз бўйлаб жасорат мадҳиялари янграётган бугунги улуғ кунларда Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбийларимизнинг сўнмас хотираси олдида барчамиз ҳурмат бажо келтирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Кейинги йилларда олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашнинг чинакам кафолатига айланиб бормоқда.

Барча қўшин турлари замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлиги узлуксиз ошиб бормоқда. Миллий армиямиз улар учун, ёшларимиз учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда.

Энг муҳими, халқ билан армия тобора яқин бўлиб бораётгани ҳарбий соҳа ривожига янгича куч ва сифат бағишламоқда.

Бугунги кунда навқирон авлодимиз ўртасида ҳарбий хизматга қизиқиш кучайиб, минглаб йигит-қизларимиз Ватан ҳимоясига дадил бел боғлаётгани барчамизни чексиз қувонтиради. Биз ана шундай ўтюрак фарзандларимиз тимсолида бўлғуси қаҳрамонларимиз, Қуролли Кучларимизнинг бўлажак офицер ва генераллари, моҳир қўмондонларни кўрамиз.

Айни вақтда барчамиз яхши англаймизки, ҳозирги вақтда, дунё миқёсида турли хавф-хатарлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бораётган ўта мураккаб вазиятда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва маънавий шайлигини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида бу борада бошлаган ишларимизни мутлақо янги сифат босқичига кўтаришимиз шарт. Хусусан, Қуролли Кучларимизни янги, модернизация қилинган ўт очиш тизимлари ва техника билан таъминлашни ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини, қўшинларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда давом эттирамиз.

Ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактабларда бошланғич ҳарбий таълим сифатини ошириш, ўқувчи ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Аскар ва офицерларнинг профессионал маҳорати, ҳарбий билим юртларида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, малакали ҳарбий кадрлар захирасини яратиш доимо устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, Қуролли Кучларимиз фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан буён ҳам диққатимиз марказида бўлади.

Ана шу муҳим вазифаларни бажаришда, ҳеч шубҳасиз, ҳарбий-маъмурий секторлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, халқ билан мулоқот ва маслаҳат асосида, унинг иштирокида амалга оширилган иш албатта қудратли ижобий кучга эга бўлади.

Умуман, бугунги кунда барчамиз – қайси соҳа ёки тармоқда, қандай лавозимда ишламайлик, Ватан ҳимоячиси бўлишимиз зарур. Бу талабни даврнинг ўзи олдимизга қатъий вазифа қилиб қўймоқда ва халқимиз ҳам биздан айнан шуни кутмоқда.

Қадрли Ватан ҳимоячилари!

Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман.

Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.

Жонажон Ватанимиз ҳимояси йўлида ҳеч қачон толманг, ютуқ ва зафарлар доимо сизларга ёр бўлсин!

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти,

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Блогер “Jasjan” 5 суткага қамалди'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 19:53

    Блогер “Jasjan” 5 суткага қамалди

    У “Hilton” меҳмонхонаси олдида “салбий қиз ва салбий бола” ролини видеога олган.

    'Самарқандда метро қурилади'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 19:16

    Самарқандда метро қурилади

    Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегаралари ўзгармоқда.

    'Тошкент Президент мактаби ўқувчилари БААда нуфузли совринни қўлга киритди'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 13:33

    'Трампга Гренландияни сотиб олиш ваколатини берувчи қонун лойиҳаси тайёрланди'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 13:28

    Трампга Гренландияни сотиб олиш ваколатини берувчи қонун лойиҳаси тайёрланди

    Инаугурациядан сўнг Трамп орол хариди бўйича Дания билан музокалар бошлаши мумкин.

    'Ўзбекистонда 500 нафар раҳбарларнинг коррупцияга мойиллиги даражаси баҳоланади'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 13:25

    Ўзбекистонда 500 нафар раҳбарларнинг коррупцияга мойиллиги даражаси баҳоланади

    БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси, халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган тавсияларни бажарилиши мониторинг қилинади.

    'Хавфли маҳсулотлар ва кимёвий моддалар импорти устидан назорат кучайтирилади'ning rasmi

    Жамият 14.01.2025 13:17

    Хавфли маҳсулотлар ва кимёвий моддалар импорти устидан назорат кучайтирилади

    Республикага импорт қилиниши тақиқланган хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати тасдиқланди.