Вазирлар Маҳкамаси "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқиндилар, айрим турдаги хавфли маҳсулотлар ва кимёвий моддалар муомаласи билан боғлиқ назоратни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни қабул қилди.

Ҳужжат президентнинг 2023 йил 31 майдаги қарори ижросини таъминлаш доирасида, шунингдек, Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро шартномалар талабларига мувофиқ, айрим турдаги кимёвий моддаларни назорат қилиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида қабул қилинди.

Ҳужжатга илова қилинган рўйхатда келтирилган чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш учун импорт қилишда:

  • чиқиндиларни мустақил равишда тўлиқ утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки қайта фойдаланишни амалга оширувчи импортёрлар — чиқиндиларни утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки қайта фойдаланиш жараёнларининг атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги ариза лойиҳаси бўйича давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасига эга бўлишлари шарт;
  • чиқиндиларни мустақил равишда тўлиқ утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки қайта фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган импортёрлар — бундай чиқиндиларни топшириш ёки реализация қилиш бўйича чиқиндиларни утилизация қилиш ва (ёки) қайта ишлашни амалга оширувчи юридик шахслар билан шартнома тузишлари шарт.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўзбекистон Республикасига импорт қилиниши тақиқланган хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва бошқа турғун органик ифлослантирувчилар рўйхати;
  • Импорт-экспорт қилиниши давлат томонидан тартибга солинадиган ва мажбурий экологик сертификатлаштириш лозим бўлган хавфли маҳсулотлар ва чиқиндилар рўйхати.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси:

  • чиқиндилар, хавфли маҳсулотлар ва кимёвий моддалар рўйхатларига асосан белгиланган тартибда божхона назорати амалга оширилишини;
  • чиқиндилар, хавфли маҳсулотлар ва кимёвий моддаларнинг импорт- экспорти тўғрисидаги маълумотлар бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилишини таъминлайди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги чиқиндилар, хавфли маҳсулотлар ва моддалар рўйхатларига асосан белгиланган тартибда мувофиқликни баҳолаш ишларининг амалга оширилишини таъминлайди, шунингдек, зарур ҳолларда, ушбу рўйхатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб боради.