Шавкат Мирзиёев 16 январь куни инвестиция масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиевни лавозимидан озод этди.
Президент матбуот котибининг хабар қилишича, Бунга ҳудудида инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйгани сабаб бўлди.
Шунингдек, 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди. Булар Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот, Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари, Оҳангарон шаҳри. Уларда ҳокимлар инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Эндиликда инвестиция бўйича янги назорат тизими бўлиши белгиланди. Бунда бош вазир бу йилги 42 миллиард доллар хорижий инвестисия бўйича ойма-ой режани тасдиқлайди, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ҳафтада икки кун инвестисия билан шуғулланади.
Мутасаддилар тинмай ҳудудларга бориши, тадбиркорлар билан учрашиши, масаласини жойида ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.