Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида "Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган иккита халқаро лойиҳани ишга туширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар қилди.
Лойиҳалар 2030 йилгача Глобал экологик фонд (ГЭФ)нинг 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Тадбир давомида халқаро ташкилотлар вакиллари янги “яшил” ташаббусларни тақдим этдилар. Лойиҳалардан бири “Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ва 7-Миллий ҳисоботини янгилашни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс дастур” бўлиб, жаҳоннинг 69 давлатида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам амалга оширилаётган глобал лойиҳанинг бир қисмидир. У биологик хилма-хиллик миллий стратегиялари ва ҳаракат режаларини ҳамда 7-Миллий ҳисоботни тайёрлашда мамлакатларни қўллаб-қувватлайди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистонда Глобал биохилма-хиллик асослари ва унинг асосида ишлаб чиқилган янги миллий мақсадларга мувофиқ янгиланган Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасини тайёрлаш кутилмоқда.
Ушбу лойиҳа биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, сақлаш ва тиклаш соҳасида узоқ муддатли давлат сиёсатини шакллантиришга қаратилган бўлиб, бу барча томонлар: давлат ташкилотлари, бизнес ҳамжамиятлари ва жамоатчиликнинг фаол ҳамкорлигини талаб қилади.
Иккинчи йирик лойиҳа – “Ўзбекистоннинг юқори қийматга эга ландшафтларини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича комплекс бошқарув” лойиҳаси пухта ишлаб чиқилган ва инклюзив сиёсат орқали экотизимларни тиклаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, экотизимларни тиклаш жараёнларида инновацияларни қўллаш ва биохилма-хилликни сақлаш бўйича самарали ва барқарор молиялаштиришни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга қаратилган. Ушбу лойиҳани амалга оширишдаги асосий ҳамкорлардан бири 2024 йилда Тошкентда минтақавий ваколатхонаси расман очилган Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқидир. Лойиҳанинг тажриба ҳудудлари Ғарбий Тян-Шан, Нурота тизмаси ва Кўҳитанг ландшафтлари ҳисобланади.
Лойиҳалар 6 ҳудуддаги 10 та туманнинг ландшафтларини ўз ичига олади: Тошкент вилоятининг Паркент ва Оҳангарон туманлари, Жиззах вилоятининг Фориш тумани, Самарқанд вилоятининг Қўшработ ва Паяриқ туманлари, Навоий вилоятининг Хатирчи ва Нурота туманлари, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани, Сурхондарё вилоятининг Бойсун ва Шеробод туманлари.
Асосий кутилган натижалар:
— 53 минг гектар ўрмон ва яйловларни тиклаш.
— Экотизимларни тиклаш ва биологик хилма-хилликни сақлаш мақсадида 200 минг гектар давлат ўрмон фонди ерларини бошқариш тизимини такомиллаштириш.
— 142278,4 гектар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш тизимини такомиллаштириш.
— 30 000 га яқин маҳаллий аҳоли ушбу тадбирлардан, жумладан, табиатга асосланган туризмни ривожлантириш, яйловларни бошқаришни яхшилаш ва табиий ресурсларга асосланган турмуш шароитини яхшилаш орқали фойда кўради.
— Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари миллий тизимини мустаҳкамлаш ва илғор халқаро тажрибага янада мослаштириш.
— Экотизимни тиклаш учун янги барқарор молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш