Эндиликда ҳомиладор ходимни ишдан бўшатиш тақиқланади.
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Қонун билан Меҳнат кодексига "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат мажмуида электрон шаклдаги меҳнат шартномасини расмийлаштириш тартибини жорий этишни, иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлигини белгилаш тартибини ва ходимнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, "Таълим тўғрисида" ги Қонунга мувофиқ ходимлар кечки ёки сиртқи таълим шаклида ўқиши мумкин бўлган таълим ташкилотларининг турларини аниқлаштирувчи киритилмоқда.
Шунингдек ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли ходимни ишдан бўшатишга тақиқ жорий этилмоқда.
Шу билан бирга, ишга қабул қилиш чоғида шахснинг паспорти ёки ID-картасини, меҳнат дафтарчасига оид маълумотларни талаб қилмасдан, давлат органлари ва ташкилотлари мустақил равишда, шу жумладан ахборот тизимларидаги идоралараро интеграциялашув платформалари орқали сўраб олиши белгиланмоқда.
Мазкур Қонун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари, меҳнат соҳасидаги муносабатларнинг электрон тизимга ўтиши таъминланишига, давлат органлари ва ташкилотларида ходимни ишга қабул қилишда ноқонуний рад этиш ҳолатлари камайишига, шунингдек, ишга кираётган фуқаролардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш каби бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига хизмат қилади.
Муҳокама якунида мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.