Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болаларни онкологик касалликлардан бепул даволаш бўйича янги дастурни ишга туширди, дея хабар бермоқда ССВ Матбуот хизмати.
Унга кўра, ушбу пилот лойиҳада иштирок этувчи давлатлардаги бемор ўғил-қизлар саратонга қарши юқори сифатли дори воситалари билан узлуксиз таъминланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, фармацевтика маҳсулотларининг дастлабки партияси Мўғулистон ва Ўзбекистонга, кейинги босқичда Эквадор, Иордания, Непал ва Замбияга етказилади.
Умуман, жорий йил давомида ушбу дастур олтита давлатдаги камида 30 шифохонада муолажа олаётган 5000 нафарга яқин болаларни қамраб олади.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, ЖССТ таҳлилларида келтирилишича, дунё бўйича ҳар йили қарийб 400 минг нафар ўғил-қизга саратон ташхиси қўйилмоқда. Уларнинг ҳаёт давомийлигини узайтириш ҳамда саломатлигини тиклаш юқори самарадорликка эга дори-дармонларни талаб қилади.
Лойиҳада қатнашиш учун яна олтита давлат таклиф қилинган. Умуман, келгуси 5-7 йил ичида бу кўрсаткични 50 тага етказиш мақсад қилинган. Бу орқали онкологик хасталиклардан азият чекаётган 120 мингга яқин болаларга беғараз тиббий ёрдам кўрсатиш мумкин бўлади.