Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари уйида ўз ишини бошлаган “Ўзбекистон Республикасининг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш ва ушбу мажбуриятларни бажаришнинг миллий механизмлари” мавзусидаги икки кунлик семинар Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлган болалар 13 млн нафарни, яъни жами аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этади. Шу маънода, Ўзбекистон учун бола ҳуқуқларини таъминлаш масаласи принципиал аҳамиятга эга ҳисобланади.
Ҳозирги кунда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг мурожаат қилиш жараёнларига тааллуқли 3-Факультатив протоколига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи экспертлар даражасида ўрганиб чиқилмоқда. Мазкур ҳужжатнинг мамлакатимиз парламенти томонидан ратификация қилиниши бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.
Мавлуда Ходжаевага кўра, Ўзбекистон ўтган давр ичида 80 дан зиёд халқаро шартномага қўшилган. Ўзбекистон халқаро мажбуриятларга сўзсиз амал қилишга, болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта аҳамият қаратган давлатлардан биридир. Бу мажбуриятларнинг ижроси юзасидан миллий марузалар БМТнинг ва бошка халқаро ташкилотларнинг тегишли қўмиталарига тақдим этиб келинмоқда.
ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Регина Кастижиосўзларига кўра, парламентнинг роли мамлакат қонунчилик базаси ва сиёсатининг БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси каби халқаро инсон ҳуқуқлари шартномалари доирасидаги мажбуриятларга мувофиқлигини таъминлашдан иборат. Қонунчилик, бюджет ва ҳимоя соҳасидаги парламент назорати болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун шароит яратишга ёрдам беради.
Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг бажарилиши тўғрисида доимий равишда ҳисоботлар тақдим этиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси бажарилиши юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасига 5 та даврий ҳисобот тақдим этилди.
Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари бола ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мавжуд қонунларни такомиллаштириш ва янги қонунлар қабул қилиш орқали ҳуқуқий асосни мустаҳкамламоқда. Жумладан, 2024 йил 14 ноябрда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”, 2024 йил 29 февралда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунлар қабул қилингани бунинг яққол намунасидир.
Тадбирда сўзга чиққан экспертлар Янги Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар қатъий, узвий ва изчил тарзда давом эттирилаётганига эътиборни қаратдилар. Бу борадаги самарали саъй-ҳаракатлар миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда кенг қўллаб-қувватланаётгани эътироф этилди.