Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Ўтган саккиз йилда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган ёки жазо муддатини ўтаб чиққан шахсларга нисбатан муносабат бутунлай ўзгарди. Маҳкумларни сақлаш шароитлари халқаро стандартларга мослаштирилмоқда ва ҳуқуқлари кенгайтирилмоқда.
Айни кунларда мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида 30 мингдан ортиқ маҳкумлар бор. Амалдаги қонунчиликка кўра ҳар бир маҳкумнинг 3 кишигача бўлган яқинлари, яъни икки нафар катталар ва бир нафар вояга етмаган шахс йилда 6 маротаба маҳкум билан узоқ муддатлик (1 суткадан 3 суткагача) учрашиш ҳуқуқига эга. Эътиборли жиҳати 2020 йилгача ушбу учрашувлар сони 4 маротаба эди холос.
Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган маҳкумларнинг олдига яқин қариндошлари ҳар доим ҳам келишга имкон топа олмайди. Қолаверса, маҳкумнинг яқинлари йўлнинг ўзига 2-3 суткалаб вақт йўқотади ва бу харажатлар қимматга тушиши айни ҳақиқат. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, учрашувларга маҳкумнинг барча яқинларини олиб боришнинг имкони йўқ.
Ўз навбатида, маҳкумларнинг оиласи ва жамиятдан узилиб қолишини олдини олиш, қонунга итоаткор хулқ-атворни шакллантириш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.
Жумладан, айнан сенаторлар муҳокама қилган мазкур Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг яқин қариндошлари билан масофадан туриб видео-учрашувлар ўтказиши учун имконият яратади.
Қонун билан Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ихтиёрига кўра, телефон орқали сўзлашув ҳуқуқидан фойдаланиш билан бир қаторда масофали видео-учрашувларини ташкил этишга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Жумладан, эндиликда Қонун билан масофали видео-учрашувлар қўшимча ҳуқуқ доирасидан асосий ҳуқуқ доирасига ўтказилмоқда. Уларнинг сони жазони ижро этиш муассасаси тартибидан келиб чиқиб телефон орқали сўзлашувлари сони билан тенглаштирилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигига, жазони ижро этиш тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашга, давлатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги нуфузининг ошишига ҳамда халқаро рейтинглардаги ўрни янада яхши бўлишига хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.