Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 584 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб навоийхонлик тадбирлари, маданий-маърифий учрашувлар, конференция ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан буюк аждодларимиз маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. 2021 йилда ҳам Президентимизнинг "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарорига асосан юртимизда ва хорижий мамлакатларда ана шундай тадбирлар ўтказилган эди.
Жумладан, 2021 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида, Шарқ қўлёзмалари институтида ва Эрмитажда Буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда қамал давридаги навоийхонликнинг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтганди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ташаббуси билан ўтказилган бу тадбирда Навоий меросининг бугунги кундаги аҳамияти, унинг инсонпарварлик ғоялари, қамал пайтидаги навоийшунослар жасорати хусусида сўз юритишганди.
Маълумки, буюк мутафаккир ижоди асрлар давомида бутун инсониятни эзгуликка, тинчлик ва дўстликка даъват этиб келган. Шу боис, энг оғир дамларда ҳам Алишер Навоий мероси инсонлар қалбида ёруғ кунларга умид уйғотган. 1941 йилнинг 10 декабрь куни Иккинчи жаҳон урушининг энг мудҳиш дамлари, Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) даҳшатли қамал исканжасида қолган пайтларда Эрмитажда Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан илмий-анжуман ўтказилган.
Тарихдан маълумки, нацистлар 1941 йилнинг 22 июнида собиқ Совет Иттифоқига ҳужум бошлаган, Адольф Гитлернинг режасига кўра, биринчи навбатда Ер юзидан йўқ қилиниши керак бўлган совет шаҳарларидан бири шубҳасиз Ленинград эди.
Ғарбий Европада Иккинчи жаҳон уруши тобора аланга олаётган бир пайтда 1941 йил 12 март куни Низомий Ганжавийнинг 800 йиллиги ҳамда Алишер Навоийнинг 500 йиллигини нишонлаш ҳақидаги ҳукумат қарори имзоланган эди. Ленинград даҳшатли қамал исканжасида қолганига қарамасдан, ушбу саналарни нишонлашга жиддий ҳозирлик кўрилган.
Навоий ижодига бағишланган кечалар Ленинград зиёлиларининг ўзига хос жасорат намунаси бўлди. 10 декабрь куни таклиф қилинган шоир ва олимлар, рассом ва зиёлилар Эрмитаж биносига етиб келишади.
Буюк мутафаккир Навоий таваллудининг 500 йиллиги тадбирларида И.Орбели, Н.Лебедев, Е.Бертельс, Б.Пиотровский. И.Крачковский, В.Рождественский сингари олимлар ва адиблар иштирок этишган.
Орадан саксон йил ўтиб, худджи шу бинода нишонланган тадбирда Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғофуров, Эрмитаж директори Михаил Пиотровский, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти ректори Шуҳрат Сирожиддинов, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова, навоийшунос Султонмурод Олим каби таниқли олимлар, шоирлар, навоийшунослар иштирок этишганди. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева ижросида ҳазрат Навоий ғазаллари билан айтиладиган мумтоз тароналар ижро этилганди.
– Ўша кунлари очлик, муҳтожлик, қаҳратон совуқ, турли касалликлар бутун шаҳарни исканжага олган, – деди тадбирда иштирок этан Эрмитаж раҳбари Михаил Пиотровский. – Марҳум отам Борис Пиотровский ўша йилларда Эрмитажга раҳбарлик қилган, ундан қамал даҳшати, ўша пайтда бу ерда ўтказилган навоийхонлик ҳақида кўп эшитганман. Шаҳар фашистлар томонидан қамалга олинган, душман ҳар лаҳзада шаҳар устига ажал ёғдириши мумкин эди. Аммо, олимлар Навоийга бўлган ҳурмат туфайли ўз жонини хатарга қўйиб бўлсада, мажлисга етиб келган. Ўшанда бутун шаҳарда чироқ ўчган бўлсада, Эрмитажда электр таъминоти узилмаган. Олимлар очликдан силласи қуриган бўлсада, аранг оёқда туриб, Навоий ижоди хусусида мулоҳазаларини билдиришган, рус тилига таржима қилинган шеърлари ўқиб берилган.
– Ҳурматли Президентимизнинг ташаббуслари билан мазкур илмий-бадиий кечанинг саксон йил ўтиб қайта тикланиши тарихмизга, буюк аждодларимиз меросига, хусусан Мир Алишер Навоий меросига юксак эҳтиром намунаси бўлди, - дея эслайди Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. - Қамалдаги Ленинградда Навоийхонлик кечаларининг ўтказилганлиги буюк шоир тараннум этган тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига юксак садоқат рамзидир.