Бугун, 22 февраль куни давом этаётган Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида "Атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг ахборот олиш имконияти, иштироки ва одил судловга эришиш имконияти тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус, 1998 йил 25 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида"ги Қонун кўриб чиқилди.
Мазкур Конвенция инсоннинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим халқаро ҳужжат ҳисобланиб, у тегишли давлат органлари, фуқаролар ва жамоатчилик ўртасида экологик ахборотларни олиш ва улардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган.
Қайд этилганидек, халқаро мақомдаги ҳужжатнинг асосий мақсади – экология, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчиликнинг иштироки билан боғлиқ ўзаро муносабатларни тартибга солиш ҳамда одил судловга эришишни таъминлашдан иборат.
Конвенцияда давлат идоралари ва ташкилотлари томонидан кенг жамоатчилик сўровига биноан ҳаво, атмосфера, сув ва тупроқ каби атроф-муҳит элементларининг таркибий қисмларига доир зарур маълумотларни тақдим этиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастур ва режаларни ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш белгиланган.
Сенаторларнинг фикрига кўра, Ўзбекистоннинг мазкур Конвенцияга қўшилиши экология ва атроф-муҳит соҳасида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб таъминлашга, хорижий ҳамкор давлатлар билан ҳамжиҳатликда экологик хавфсизликка эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижи ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан Қонун маъқулланди.