Бугун, 26 февралга ўтар кечаси Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия ҳудудига зарбалар берди. Бу ҳақда Исроил Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Вазирлик ҳужумлар мамлакат жанубидаги ҳарбий нишонларга, жумладан, жангарилар штаб-квартираси ва қурол-яроғ омборларига қарши қаратилганини кўрсатди.
“Исроил Ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия жанубини тинчлантириш бўйича биз белгилаган янги сиёсат доирасида Сурия жанубига кучли зарбалар бермоқда – ва бу хабар аниқ: биз Сурия жанубининг Ливан жанубига айланишига йўл қўймаймиз. Сурия режими кучлари ва мамлакатдаги террор ташкилотларининг Сурия жанубидаги хавфсизлик зонасида назорат ўрнатишга қаратилган ҳар қандай уринишлари ўт очиш билан кутиб олинади”, дейди Исроил Мудофаа вазири Исроил Кацнинг расмий вакили.
“Reuters” агентлигининг маҳаллий аҳоли, хавфсизлик манбалари ва маҳаллий Сурия телеканалига таяниб хабар беришича, 26 февралга ўтар кечаси Исроил мамлакат пойтахти Дамашқдан 20 км жанубда жойлашган Кисве шаҳрига, шунингдек, Сурия жанубидаги Дара вилоятига ҳужум қилган.
Маҳаллий аҳолига таяниб, “Reuters” ахборот агентлигининг хабар беришича, шаҳар устидан учаётган самолётлар ва бир неча портлашлар Дамашқнинг ўзида ҳам эшитилган.
2024 йил декабрида, Сурияда Башар Асад режими қулаганидан сўнг, Исроил қуруқликдаги кучлари 1973 йилдаги Ём Кипур урушидан кейин биринчи марта қуролсизлантирилган чегара зонасини кесиб ўтиб, Сурия ҳудудига очиқчасига бостириб кирди. Сурия Исроил мудофаа кучларининг мамлакат жанубига киришини қоралаган ва бу қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилган.
23 февраль куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху унинг мамлакати Асадни ағдарган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи ва унга алоқадор ҳар қандай кучларнинг Сурия жанубида бўлишига тоқат қилмаслигини айтди ва ҳудудни қуролсизлантиришни талаб қилди.