Трамп маъмуриятини ижтимоий таъминот харажатларини қисқартиргани, давлат хизматчилари сонини камайтиргани ҳамда миграция сиёсати учун танқид қилди ва бу ҳаракатларни “вайронкор” деб атади.
Байден Оқ уйни тарк этганидан бери илк нутқида Трамп маъмуриятини танқид қилди
АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден Оқ уйдан кетганидан бери илк чиқишида Трамп маъмуриятининг ижтимоий таъминот сиёсатига танқидий муносабат билдирди.
Байден Чикагода ўтказилган анжуманда нутқ сўзлар экан, ҳукумат ижтимоий таъминот тизимига "болта урганини" таъкидлади. Дональд Трамп ва бугунги кунда Оқ уйда бюджет тежаш ислоҳотларини бошқараётган Илон Маск бу тизимни фирибгарликка ботган, деб баҳоламоқда.
Янги маъмурият ҳар йили 1,6 триллион доллар (1,2 триллион фунт стерлинг) маблағ ажратадиган ижтимоий таъминот агентлиги ходимлар сонини қисқартиришни мақсад қилган.
Сешанба кунги чиқишида Байден амалдаги президент Трамп исмини тилга олмаган бўлса-да, «янги маъмурият 100 кундан кам вақт ичида шунчалик кўп зарар ва вайронагарчиликка сабаб бўлгани, буларнинг шу қадар тез содир бўлгани кишини ҳайратга солади», деди.
Байден ушбу нутқини ногиронлар ҳуқуқлари бўйича тадбирда сўзлади ва ўз нутқида Оқ уйни тарк этиши ва 2024 йилги президент сайловларига тўхталиб ўтмади.
Ижтимоий таъминот агентлиги (SSA) — АҚШда нафақага чиққан ёки ногиронлиги сабабли ишлай олмайдиган шахслар учун асосий даромад манбасини таъминлайдиган агентлик бўлиб, 67 миллиондан ортиқ америкаликларни қамраб олади. Улар орасида асосан катта ёшлилар бор.
Демократик партия вакиллари маъмуриятни ижтимоий таъминот тизимига кенг кўламли қисқартиришлар киритиш ниятида айблаб келмоқда.
Илон Маск раҳбарлигидаги “Ҳукумат самарадорлиги департаменти” - DOGE (Department of Government Efficiency) деб аталувчи тузилма феврал ойидан бери агентликда қисқартиришлар амалга оширмоқда. Департамент 7000 та иш ўрнини — агентлик ходимларининг тахминан 10 фоизини қисқартиришни режалаштирган. Илон Маск ижтимоий таъминот тизимини “тарихдаги энг йирик пирамида схемаси” деб атаган.
Дональд Трамп эса аввалроқ ижтимоий таъминот имтиёзларини умумий тарзда қисқартириш эмас, балки фирибгарликка оид даъволар ва ноқонуний мигрантларга тўловларни чеклаш ниятида эканини айтган.
Сешанба куни Трамп ноқонуний мигрантлар ва “бошқа ноқонуний шахслар” ижтимоий таъминот маблағларидан фойдаланишини тақиқловчи фармонни имзолади.
Байденнинг Чикагодаги нутқидан аввал Трамп матбуот котибаси Каролин Левит шундай баёнот берди:
“Президент ижтимоий таъминотни қонуний солиқ тўловчи фуқаролар ва кексалар учун ҳимоя қилишда мутлақо қатъий фикрда. У доимо бу дастурни ҳимоя қилади.”
Оқ уйдан кетганидан кейин собиы президент Жо Байден оммавий ахборот воситаларидан чекланган тарзда фойдаланиб келмоқда. Феврал ойида у 2017–2020 йиллар даврида ҳам уни ифода қилган Лос-Анжелесдаги Creative Artists Agency агентлиги билан шартнома имзолади.
Шунингдек, сешанба куни собиқ президент Барак Обама ҳам Трамп маъмуриятини танқид қилди. У X'даги баёнотида ҳукуматнинг Гарвард университетига ажратилган 2 миллиард доллардан ортиқ федерал маблағни музлатиб қўйишини “ноқонуний ва нопрофессионал” деб атади.
Трамп Гарвард университети камситишга қарши курашиш мақсадида қабул, ўқув дастурлари ва ходим танлаш сиёсатини ўзгартиришдан бош тортгани учун ушбу маблағни тўсиб қўйган.
Таъкидлаш лозим, Барак Обама Оқ уйни тарк этганига қарийб ўн йил бўлса-да, ижтимоий тармоқларда амалдаги ҳукумат фаолиятини жуда кам ҳолларда танқид қилган.
Абдуллоҳ Саййид