Эр-хотиннинг қон гуруҳи ва резус омили (резус фактор) бўлажак ҳомиладорликда ва бола тўғри ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Турмуш қурган ҳар бир йигит-қиз ўз қон гуруҳи ва резус омилини билиши лозим... Хўш, резус омил нима?
Резус омил — эритроцитлар сиртидаги оқсил. Статистикага кўра, Ер юзи аҳолисининг 85 фоизи мусбат резус омил соҳиби, қолган 15 фоизида эса бу оқсил йўқ ва улар резус манфий омил эгаси.
Резус зиддият қачон содир бўлади?
Резуси омили манфий бўлган киши қонига мусбат резусли эритроцитлар тушса, улар иммун тизими томонидан бегона деб қабул қилинади. Ва организмда уларга қарши антитаналар ишлаб чиқарила бошлайди. Натижада резус зиддият келиб чиқади.
Ота-она ва бола
Нимага олиб келади?
Резус манфий омилга эга бўлган ҳомиладор аёлнинг организми резус мусбат омилли ҳомилага қарши антитаналар ишлаб чиқара бошлайди. Ҳомиладорнинг иммун тизими боладаги резус мусбат омилга эга бўлган эритроцитларни бегона деб қабул қилади. Резус антитаналар йўлдошга сингиб, ҳомиланинг эритроцитларини бузишга тушади. Бунда қонда билирубин миқдори ошади ва бола танаси сариқ рангга киради. Емирилиб бораётган эритроцитлар ўрнини тўлдириш учун жигар ва талоқ тезлик билан ишлай бошлайди ва ҳажми катталашади. Аммо бунинг уддасидан чиқа олмайди. Натижада болада камқонлик, интоксикация (токсинлар билан заҳарланиш), муҳим аъзолар фаолиятининг бузилиши каби ҳолатлар юзага келиши мумкин. Булар гемотологик касалликлар деб аталади. Хасталиклар бола туғилгач ривожланиб, унга резус манфий қон қўйиш талаб қилинади.
Олдини олиш мумкинми?
Тўғри муолажа ёрдамида бир қарашда даҳшатли бўлиб туюлган бу ҳолатнинг олдини олиш мумкин. Бунда аёлнинг аввалги ҳомиладорлик даври қандай кечгани инобатга олинади. Аёлда бола тушиш ҳолатида 3‑4 фоиз, туғруқдан сўнг эса 10‑15 фоиз ҳолатларда қонда антитаналар ҳосил бўлади. Яъни, бу ҳомиланинг қанча эритроцитлари онанинг қон айланиш тизимига ўтиб улгурганига боғлиқ. Барча ҳолатларда резус зиддиятнинг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Биринчи ҳомиладорлик бўлса…
Бу ҳолатда резус манфий омилга эга бўлган онанинг қонида антитаналар йўқлиги сабаб ҳомила билан резус зиддият келиб чиқмайди. Биринчи ҳомиладорликда организм антитаналарни кўп миқдорда ишлаб чиқариб улгурмайди. Шунга қарамай, аёл организмида «хотира тўқималари» бўлиб, кейинги ҳомиладорлик даврида улар тезда резус омилга қарши антитаналар ишлаб чиқаришни бошлаб юборади. Шунинг учун резус манфий қонга эга бўлган ҳомиладор аёлларда доимий равишда антитана миқдори ўлчаб турилади. Бола соғлом туғилиши учун ҳомиладорлик даврида керакли муолажалар ўтказилиши ва ҳомиладор аёл доимий равишда шифокор назоратида бўлиши лозим.
Туғруқдан сўнг…
Резус манфий омилга эга бўлган ҳомиладор аёл туғиши билан боланинг резус омили ҳамда билурибин миқдори текшириб кўрилади. Агар боланинг қони мусбат резус омилни кўрсатса, онага 72 соат ичида кечиктирмасдан антирезус иммуноглобулини уколи қилинади. Бу аёлнинг кейинги ҳомиладорлигида резус зиддият келиб чиқиш хавфининг олдини олади. Бу ҳомиласи тушганларга, шунингдек, бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликни бошдан кечирганларга ҳам тегишли.
Акушер-гинеколог Мунира ТОЖИХЎЖАЕВА тавсиялари асосида Мадина ЛУҚМОНОВА тайёрлади.
23.08.2021, 16:08
Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...01.06.2021, 18:32
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...13.05.2021, 22:34
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 32 яшар аёл уйининг томорқасида кўкнори ўсимлиги етиштираётгани аниқланди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 май куни...13.12.2019, 10:00
Жорий йилнинг 5 декабрь куни соат 13:00ларда Навоий шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган Л.А. исмли аёлнинг уйига танишлари меҳмонга келади.Улардан бири 1972 йилда туғилган Д.К....