АсосийЖамият

Маккани ваъда қилиб сарсонликка элтаётганлар

Cўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кўплаб шубҳали, арзон “Умра” рекламаси кўзга ташланмоқда. Табиийки, бундай камхарж зиёратга қизиқтириш ортида йирик фирибгарлик ётади.

'Маккани ваъда қилиб сарсонликка элтаётганлар'ning rasmi

Зиёрат – бу яхши ният, покланиш истаги. Аммо баъзилар уни бизнесга, фирибгарликка, ваъдабозликка айлантиряпти. “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ташкил этишга оид тартиб ва талаблар қонун билан белгилаб қўйилган бўлса-да, бугун ҳамон айрим турфирмалар ушбу талабларни четлаб ўтишга уринмоқда. Энг ачинарлиси, фуқаролар ҳануз бу борада ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарлича англашмаяпти.

Зиёратми ёки тузоқ?

Зиёрат ҳақида ўйлаган ҳар бир инсон ички покланиш, гуноҳлардан холи бўлиш ниятида йўлга чиқади. Аммо сўнгги йилларда юртдошларимизнинг бу каби эзгу ниятлари ортидан кимлардир ўз бизнесини қурмоқда ва бу бизнеснинг пойдевори кўпинча алдов, ишончни суиистеъмол қилиш ва ноқонуний бойлик орттиришдан иборат бўлиб қолмоқда.

Кимларга рухсат берилган?

Бугун мамлакатимизда “Ҳаж” ва “Умра” сафарларини ташкил этиш фақатгина тегишли ваколатли ташкилотлар – Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг рухсатномасига эга турфирмалар орқали амалга оширилиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига кўра, фақат 12 та турфирма ушбу хизматни кўрсатиш бўйича рухсат олган.

2 558 фуқаро – 25 миллиард сўм зарар

Аммо сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда кўплаб шубҳали, арзон “Умра” рекламаси кўзга ташланмоқда. Табиийки, бундай камхарж зиёратга қизиқтириш ортида йирик фирибгарлик ётади.

Мисол учун “Panorama Airways” ва “Гулбаҳор Airways” фирмалари томонидан 25 миллиард сўмга яқин зарар етказилган, жабрланувчилар сони эса 2 558 кишини ташкил қилади. Бу оддий статистика эмас – бу рақамлар ортида зиёратга отланиб, сарсонликка учраган минглаб юртдошларимиз турибди.

Нохолис рекламалар оқибати

Маълумотларга кўра Сурхондарёнинг “Билолбек Travel” хусусий корхонаси номидан биргина ходим 14,9 миллион сўмни, бошқа бири эса 2 200 АҚШ долларини фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритган. Бу каби мисоллар кўп ва улар барчаси бир ҳақиқатни тасдиқлайди: “Нохолис реклама ва таклифлар одамларни тўғри танловдан чалғитяпти”.

Яна бир фирибгарлик ҳолати

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, Фарғона шаҳрида ўтказилган Тезкор тадбирда яна бир ҳолат бўйича фирибгарлик ҳолати иштирокчилари қўлга олинган. Яъни гумонланувчи Умра сафарига жўнатишга ваколати бўлмаган ҳолда фуқаро ва унинг синглисидан Умра сафарига жўнатишини айтиб, жами 1100 доллар пулни Марғилон шаҳри «Зуҳра» МФЙ ҳудудида олаётган вақтида холислар иштирокида ушланган. Ундан тадбир учун ажратилган жами 1100 доллар миқдоридаги пул маблағлари ашёвий далил тарзида олинган. Билдирилишича, ҳозирда гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-модда (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Лицензиясиз тарғибот қонунчиликка зид

Тегишли қонун ҳужжатларига кўра, зиёрат сафарларини лицензиясиз амалга ошириш нафақат маъмурий, балки жиноий чора кўришга ҳам сабаб бўлади. Ҳажга олиб бораман дея фуқароларни сарсон-саргардон қилганлар, уларни алдаб фирибгарлик ила ўз манфаатига даромад ишлаганлар жиноий хатти-ҳаракатлар доирасида, албатта жавобгарликка тортилган. Айни пайтда 40 нафарга яқин шахс устидан бу каби фаолият учун тергов ишлари олиб борилмоқда.

Савдо воситасига айланган ибодат

Бу масалада муаммо фақат фириб йўлига ўтган фирмаларда эмас – уларни оқламоқчи эмасмиз, аммо фуқароларнинг ҳуқуқий онги етарлича шаклланмагани ҳам ҳолатни чуқурлаштирмоқда. Бугун кимдир 2 минг долларлик сафар ўрнига 700 долларлик “таклиф”ни танлаб, алданиб қолаётган бўлса, эртага ёт юртга борганда бу инсон кафолатланмаган хизматлар эвазига нафақат молиявий зарар, балки руҳий эзилишни ҳам бошдан кечиради.

Фирибгарлар нега бемалол ҳаракат қилмоқда? 

Ҳар йили ўнлаб фуқаролар Умра, Ҳаж ёки хорижда ишлаш каби ваъдалар билан алданади. Бунинг сабаби аввало, одамлар ҳужжатлар йиғиш борасида оворагарчиликдан қочишади, рухсатнома ёки шартнома талаб қилмайдиган тарзда «таниш-билиш»лар орқали бориб келиш мумкинлигига ишонишади. Бу эса фирибгарлар учун қулай шароит яратади. 

Иккинчидан, айрим “учар” тадбиркорларнинг ноқонуний қилмишлари назоратсиз қолади. Агар ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа идоралар фуқароларни сергакликка чақириб, мунтазам мониторинг олиб боришса, бу каби ҳолатларни анча камайтириш мумкин.
Яна бир сабаб – қонунчиликнинг “юмшоқлиги”. Кўпчилик фирибгарлар жарима билан қутулиб қолади ёки тергов узоқ чўзилади. Натижада, фирибгарлик жазосиз қолаётган фаолиятдек кўринади. Кўп миллион маблағларни ўзлаштирган айбланувчи қамалиб кетса, йўқотилган пуллар ҳам қайтиши гумон.

Энг зарур тайёргарлик – огоҳлик
 
Хулоса қилиб айтганда, бу каби ҳолатлар фақат ишонувчанлик эмас, балки назорат сустлиги ва ҳуқуқий бўшлиқлар натижасидир. Одамлар огоҳ, масъуллар эса ҳушёр бўлишлари керак. Албатта, ноқонуний фаолият олиб борганларга жазо муқаррар. 
Юртдошларимизга “Эзгу ният йўлида фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, аввало ишончли, лицензияга эга туроператорларга мурожаат қилинг. Ўзингиз ва яқинларингизни фирибгарлик тузоқларидан асранг! Ибодат манзилига элтувчи йўллар ҳам пок, кафолатли бўлиши керак, деган бўлардик.  

Зиёратга чиқишдан олдин арзон нарх ва баландпарвоз ваъдаларга эмас, ҳуқуқий асос ҳамда кафолатланган хизматларга эътибор қаратсак, жамиятда бу каби алдовларга ўрин қолмайди. 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Барча давлат хизматларини аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 21:30

    Барча давлат хизматларини аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади

    Аҳоли “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ҳамда ҳокимлар шахсий жавобгарлиги белгиланади.

    'Иккита вазирлик ва учта ташкилотнинг ички назоратига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари раҳбарлик қилади'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 20:54

    Иккита вазирлик ва учта ташкилотнинг ички назоратига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари раҳбарлик қилади

    Коррупцияга қарши ички назорат тизими самарадорлигини ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.

    'Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 20:08

    Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади

    Президентга таълим сифатини ошириш бўйича таклифлар тақдимот қилинди.

    'Долларнинг расмий курси тушди'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 16:22

    Долларнинг расмий курси тушди

    Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан қийматини эълон қилди.

    'Тошкент шаҳрида судья маст ҳолатда машина олиб қочди'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 15:36

    Тошкент шаҳрида судья маст ҳолатда машина олиб қочди

    Ҳозирда ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

    'Аҳоли даромадлари уч ойда 10 фоизга ошди'ning rasmi

    Жамият 21.04.2025 14:51

    Аҳоли даромадлари уч ойда 10 фоизга ошди

    Жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси сони 37,7 миллион кишига етган.