АсосийДунё

Исроил Рим Папаси учун таъзия билдирмади

Сабаби у ҳаётлигида Ғазо секторидаги урушга қарши чиққан.

'Исроил Рим Папаси учун таъзия билдирмади'ning rasmi

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Рим папаси Франсискнинг вафоти муносабати билан бир қатор ижтимоий тармоқларда таъзиянома чоп этган эди. Некрологга папанинг Қуддусдаги Йиғи деворида ибодат қилаётгани акс этган сурат ҳам илова қилинган эди.

The Jerusalem Post нашри хабарига кўра, таъзия битиги қисқа муддатдан кейин Исроил Ташқи ишлар вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларидан ўчириб ташланган. Исроил ТИВ вакили таъзиянома хато туфайли чоп этилганини билдирган.

"Твит ва битиклар хато туфайли чоп этилган. Биз папанинг Исроилга ва Ғазо секторидаги урушга қарши баёнотларига унинг ҳаётлигида жавоб берганмиз ва ўлимидан кейин бундай қилмоқчи эмасмиз", – дея изоҳ берган Яҳудий давлати вакили.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан 2023 йил 7 октябр куни Ғазо секторига бостириб кирган эди. Рим папаси Франциск Исроилнинг 50 000 га яқин аёллар ва болалар ўлдирганини ҳамда Ғазо сектори буткул вайрон қилганини қоралаб баёнотлар берган. Жумладан, у Исроилнинг Ғазо секторидаги мактабларни бомбалаши оқибатида бегуноҳ болалар нобуд бўлаётганини кескин танқид қилган эди.

Папа Францискнинг вафотидан сўнг бутун дунёдан юборилган тасаллилар орасида Исроил томонидан деярли тўлиқ сукут сақланиши алоҳида эътиборни тортди.

Президент Ицҳак Герцогнинг баёнотидан ташқари, у католик жамоасига тасалли изҳор қилиб, "унинг хотираси инсоният учун меҳр ва умид ила тўлган амалларга илҳом бериши"га умид билдирди. Аммо Бош вазир Биньямин Нетаняҳу ва Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Папанинг вафоти тўғрисида ҳеч қандай изоҳ бермади ва ижтимоий тармоқларда пост қолдирмади.

Исроил расмийлари бу сукутнинг сабабини яширмаган: у Папанинг Исроил ва Ғазодаги уруш ҳақидаги сўнгги баёнотлари билан бевосита боғлиқ.

Сўнгги бир йил ичида Франциск Ғазода бўлаётган воқеалар ҳақида:

 "Бу уруш эмас. Бу шафқатсизлик", деб баёнот берган ва Исроилни "болаларни бомбардимон қилиб, уларни автоматлар билан отмоқда", деб айблаган эди. Шунингдек, у: "Ғазода бўлаётган воқеалар геноцид аломатларига эга", деб таъкидлаган.

Шу билан бирга, бир қатор исроиллик расмийлар ушбу сукутни танқид қилиб, Папа фақат сиёсий шахс эмаслигини қайд этишмоқда.

"Менимча, бу қарор хатолик. Кимдир вафот этганидан кейин унга нисбатан ҳисоби-китоб юритмаслигимиз керак", — деди Жерусалем Пост нашрига Исроилнинг Ватикандаги собиқ элчиси Рафаэль Шуц.

У Папанинг сўзлари шиддатли танқидга арзийди ва Исроил бу баёнотларга ўз вақтида дипломатик жавоб бериши керак эди, деб таъкидлади.

"Аммо ҳозир гап фақат давлат раҳбари ҳақида эмас, балки дунёдаги бир миллиарддан ортиқ инсон — инсониятнинг деярли 20 фоизи учун маънавий етакчи ҳақида кетмоқда. Менимча, сукут уларга тўғри мужда бермайди", деган Шуц.

Папанинг дафн маросими шанба куни, яҳудийларнинг Шанба кунига тўғри келган ҳолда, ўтказилиши режалаштирилган. Унинг аввалги Исроилга нисбатан танқидлари ва дафн кунининг шанбага тўғри келганини инобатга олганда, Исроил расмий вакили юбориш ёки юбормаслиги ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Собиқ элчи Шуцнинг фикрича, Исроил барибир вакил юбориши лозим ва бу амалга оширилиши мумкин.

"Бу дафн маросимида дунё етакчилари иштирок этади. Агар биз қатнашмасак, бу тезда кўзга ташланади ва биз ҳақимизда салбий таассурот қолдириши мумкин. Бу, айниқса, ҳозирги уруш пайтидаги янада кучайган ёлғизлик ҳиссини мустаҳкамлаб юбориши ва вазиятни янада оғирлаштириши мумкин. Бу эса афсусланарли ҳол бўлар эди."

Ташқи ишлар вазирлиги манбалари The Jerusalem Post мухбирига шундай деди: "Твит ва постлар хато жойлаштирилган. Биз Папанинг ҳаёти давомида Исроил ва уруш ҳақида айтган баёнотларига жавоб бердик, вафотидан сўнг бундай қилмаймиз. 

Абдуллоҳ Саййид

    Бошқа янгиликлар