Давоми, Боши
Шунда одамлар боғдорчилик, чорвачилик, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳаларда тадбиркорлик билан шуғулланиб, кичкина бўлса ҳам ўзининг корхонасини ташкил этиб, қонуний асосда даромад топади, ўзини ҳам, оиласини ҳам молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаб, маҳалламиз, туманимиз ва шаҳримиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Бу сиёсатнинг асосий мақсади шундан иборатки, биз ҳар бир фуқаро ўзининг куч ва имконияти, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг шароит ва имконият яратиб беришимиз керак.
Мана, 2016 йил якунига етишига ҳам 15 кун вақт қолди. Биз йилни муваффақиятли якунлаш, белгиланган мақсадларга эришиш, янги – 2017 йилда мамлакатимиз барқарор ривожланиши ва жадал ўсиш суръатларини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратиш мақсадида барча воситаларни сафарбар этишимиз лозим.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятидан бу вазифаларни ҳар томонлама пухта бажаришни ва келгуси йил январь ойида ўтказиладиган Ҳукумат мажлисида бу ҳақда батафсил ҳисобот беришни сўрайман.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Мамлакатимиз Асосий қонунининг 78-моддасига мувофиқ, мамлакатни модернизация қилиш, жамиятимизни ислоҳ этиш ва демократлаштиришни таъминлашда муҳим ўрин ва жавобгарлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига юкланган.
Бунинг учун учта вазифани амалга ошириш зарур.
Биринчи вазифа – 2016 йил 7 декабрдаги тантанали мажлисда белгилаб берилган топшириқларнинг аниқ бажарилишини таъминлаш керак.
Хабарингиз бор, мен Конституциямиз қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган ўша йиғилишда депутатлар ва сенаторларга бир таклиф билан мурожаат қилган эдим. Яъни, парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида шаҳар ва туманларда ҳақиқий аҳволни ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этишни таклиф этган эдим.
Бунинг учун ҳар қайси вилоятдан сайланган Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида бир туманда бўлиб, ҳокимият идоралари, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини пухта ўрганиб, таҳлил қилиши ҳамда тегишли хулоса беришлари лозим бўлади. Шу асосда ҳурматли Спикер ва Сенат Раиси жойларда ўзлари бош бўлиб, маҳаллий кенгашларда ана шундай муҳокамалар ўтказиш тизими жорий этилса, бу ишлар эртага албатта ўзининг ижобий самарасини беради.
Иккинчи вазифа – «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги ижросини барча соҳаларда мониторинг қилиш, шунингдек, бу борада хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш зарур.
Шунинг учун кеча Олий Мажлис Сенати йиғилишида муҳим бир масала муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
Маълумки, мамлакатимизнинг чет давлатлар билан иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва хорижда республикамизнинг иқтисодий имкониятларини кенг тарғиб қилиш орқали унинг халқаро нуфузини янада ошириш, инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш, туризм соҳасини янада ривожлантириш иқтисодий соҳадаги устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Шу боис Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат идораларининг бу йўналишлардаги фаолияти устидан самарали парламент назорати тизимини яратиш мақсадида Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди ва бундан буён Сенатнинг тегишли қўмитаси фаолияти тубдан такомиллаштирилади.
Учинчи вазифанинг аҳамияти ва муҳимлигини алоҳида таъкидламоқчиман – қонун талабларини бажармаслик билан боғлиқ ҳар бир ҳолат юзасидан аниқ ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш керак.
Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари – барча даражадаги ҳокимликлар, халқ депутатлари кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришни давом эттиришимиз зарур. Шунинг учун Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар бир вилоятда навбатма-навбат намунавий халқ депутатлари кенгашлари ишини ташкил этиш тажрибаси жорий этилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Уларнинг асосий мақсади ва вазифаси – аҳолининг барча тоифалари билан доимий мулоқотда бўлиш, фуқароларнинг қонуний талаб ва эҳтиёжларини нафақат ўрганиш, балки уларни таъминлашдан иборат.
Мавжуд муаммоларни амалда ҳал этиш, шунингдек, аҳоли учун эркин меҳнат қилиш, мазмунли дам олиш ва муносиб турмуш даражасини таъминлаш бўйича ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш лозим. Айнан ана шу мезонлардан келиб чиқиб, маҳаллий ҳокимият органларининг мамлакатимиз Конституциясининг 100- ва 101-моддалари талабларини бажариш бўйича фаолияти самарадорлиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин ва зарур. Шунинг учун ҳам 2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганини алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман.
Ҳаммамиз яхши тушунамизки, олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни бажариш учун кадрлар билан ишлашнинг бутун тизимини такомиллаштиришга доир бир қатор ишларни албатта амалга оширимиз керак.
Ҳозирги вақтда давлат ва ҳокимият идораларида кўп ҳолларда кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг вазифа ва ваколатлари тақсимоти оқилона ва самарали йўлга қўйилмагани сезилмоқда.
Энг ёмони, бу ҳолат ишимизга халақит бермоқда. Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди.
Бундай нотўғри иш тақсимотига мутлақо чек қўйишнинг вақти етди. Ҳар бир давлат хизматчиси ўзининг бурчи ва мажбуриятини аниқ-равшан билиши, содда қилиб айтганда, ўз аравасини ўзи тортиши лозим.
Бу – замон талаби. Олдимизга қўйган мақсад-муддаоларга етиш учун бу ишларни ўзимиз қилмасак, бошқа ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг муҳим масалаларини ўз ичига оладиган мақсадли дастурни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ўйлайман.
Асосий вазифа – бу юқори касб маҳорати ва замонавий тафаккурга эга, пухта ўйланган, ҳар томонлама тўғри қарорлар қабул қила оладиган, белгиланган мақсадларга эришадиган раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг янги таркибини шакллантиришдан иборат.
Бу борада ҳудудий бошқарув органлари, энг аввало, мамлакатимиз туман ва шаҳарлари ҳокимликлари учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Бунинг учун олий таълим муассасалари тизими билан бирга, мамлакатимиздаги 6 та академия, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази каби ташкилотларнинг илмий-амалий салоҳияти ва имкониятларини янада фаол сафарбар этиш даркор.
Шу ўринда айтиш керакки, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўзига юклатилган вазифани мутлақо уддаламаяпти, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун ушбу академияни ҳам, унинг иш услубини ҳам тубдан ўзгартириш ва раҳбар кадрларини қайта кўриб чиқиш лозим.
Айни вақтда маҳаллий ҳокимликларнинг вазифа ва ваколатларини ҳам такомиллаштириш талаб этилмоқда.
Ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш, жойлардаги давлат бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш борасидаги ролини ҳисобга олиб, бугунги кунда маҳаллий ҳокимликларга қўшимча ваколатлар бериш борасида тегишли таклифлар тайёрланмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Давлатимизнинг ташқи сиёсат соҳасидаги ёндашув ва позицияси Конституция кунига бағишланган маърузада атрофлича баён этилгани сизларга яхши маълум.
Ана шу фикрларга қўшимча қилиб айтмоқчиманки, биз жаҳондаги илғор тажрибаларни чуқур ўрганиш ва амалда жорий этишни олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли амалга оширишнинг муҳим шартларидан бири, деб ҳисоблаймиз.
Биз ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида хорижий давлатлар, энг аввало, қўшни давлатлар, шу билан бирга, халқаро институтлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишни бугунги кун талаблари даражасида ташкил этамиз.
Ўзбекистонда ўзини ишончли шерик сифатида кўрсатган ишбилармонлар билан ҳамкорлик муносабатлари албатта давом эттирилади.
Бу борада янгитдан ташкил этилган Сенат қўмитасидан зиммасига юкланган вазифаларни изчил амалга ошириш талаб этилади.
Азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Ҳозирги вақтда олдимизда нақадар улкан вазифалар турганини барчамиз яхши тушунамиз. Биз Ватанимизнинг буюк келажагини сиз, азизлар билан, мард ва олижаноб халқимиз билан биргаликда барпо этамиз, кўзлаган мақсадларимизга албатта эришамиз.
Шу борада барчамизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин!
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман.
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз ҳамиша омон бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.