АсосийЖамият

Бир вақтда иккита ОТМда ўқиш мумкинми?

Бу каби қонунчиликдаги мавжуд тўсиқларга изоҳ бериш мақсадида сенатор сўрови юборилди.

'Бир вақтда иккита ОТМда ўқиш мумкинми?'ning rasmi

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шариповга бир вақтда иккита ОТМда ўқиш имконияти юзасидан сенатор сўрови юборилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида икки олий таълим муассасасида, масалан, давлат ва нодавлат ОТМда кундузги ва масофавий ёки кечки ва сиртқи шаклларда таҳсил олиш имкониятлари чеклангани борасида мурожаатлар кўпаймоқда. Ушбу масалаларга аниқлик киритиш ва қонунчиликдаги мавжуд тўсиқларга изоҳ бериш мақсадида сенатор сўрови юборилди.

Сўровда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ фуқароларга таълим олиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида эса ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, уларнинг интеллектуал ривожланишига шароит яратиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган.

Бироқ амалдаги тартибга кўра, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан абитуриент фақат битта ОТМга асл ҳужжатини топшириши мумкин. Шунингдек, HEMIS ахборот тизимида бир марта рўйхатдан ўтган талаба бошқа ОТМда қайта рўйхатдан ўта олмайди. Бу ҳолат эса ёшларнинг ўз ихтиёри ва эҳтиёжига кўра бир вақтнинг ўзида бир нечта таълим йўналишида билим олишига тўсқинлик қилмоқда.

Сенатор сўровида шу каби чекловлар хорижий давлатларда, хусусан, АҚШ, Европа мамлакатлари, Россия, Қозоғистон каби давлатларда мавжуд эмаслиги, аксинча, талабалар бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасида таҳсил олиб, икки ва ундан ортиқ дипломга эга бўлиш имкониятига эга экани таъкидланган.

Шу муносабат билан сенатор Олий таълим, фан ва инновациялар вазиридан фуқароларга бир вақтнинг ўзида давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларининг иккитасида таҳсил олиш имконияти юзасидан расмий тушунтириш беришни сўраган.

Сўнгги йилларда юртимизда олий таълим тизимини замонавий ва инновацион асосларда ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, хусусий секторни кенг жалб қилиш орқали таълим сифати ва қамровини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 2017 йилда 77 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 203 тага етди. Талабаларни қамраб олиш даражаси эса 9 фоиздан 42 фоизга ошди. Бугунги кунда фаолият юритаётган 69 та нодавлат олий таълим муассасасида 170 мингдан ортиқ ёшлар таълим олмоқда.

    Бошқа янгиликлар