АҚШнинг бир қанча Ғарбдаги иттифоқчилари Трамп маъмурияти томонидан илгари сурилаётган Украина можаросини якунлаш бўйича тинчлик режасидан жиддий хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда CNN ўзининг дипломатик манбаларига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Трамп томонидан илгари сурилаётган сценарий Киев томонидан катта ён беришларни, жумладан, ҳудудий имтиёзлар ва АҚШ томонидан Қрим устидан Россиянинг суверенитетини тан олишни назарда тутади. Бу эса дипломатлар фикрича, Россия президенти Владимир Путин ҳамда бошқа дунё етакчиларига, масалан, Хитой раиси Си Сзинпин каби шахсларга хавфли сигнал бўлиб хизмат қилиши мумкин.
“Аслида бу ноқонуний истило эвазига мукофот олиш мумкин деган нотўғри таассурот уйғотмоқда”, — дея таъкидлайди Ғарбий дипломатлардан бири.
CNN нашрининг ёзишича, Осиёдаги айрим дипломатлар ҳам бу борада ўз хавотирларини билдирган. “Хитой бунга кузатувчи сифатида қараяпти. Биз бу ҳақда Трамп маъмуриятига етказганмиз. Агар Россия қон тўкиш эвазига ютуққа эришса, бу бошқа давлатлар учун ҳам хавфли сигнал бўлади”, — деган Осиё дипломатларидан бири.
Шу билан бирга, Ғарб дипломатлари музокараларда маълум силжишлар борлигини ҳам инкор этмаяпти. CNN манбаларига кўра, яқинда Лондонда ўтган Украина ва Европа делегациялари учрашувида “ҳудудий масалалар” юзасидан музокаралар ўтказилиши мумкин бўлган босқичга етилган. “Бу фикр эволюцияси – ўзига хос прогресс”, — дейди суҳбатдош дипломатлардан бири.
Яна бир дипломатнинг фикрича, “Украиналиклар охир-оқибат икки йил олдинги идеал келишувга нисбатан анча мураккаб шароитдаги вариант билан рози бўлишга мажбур бўлиши мумкин”.