АсосийЖамият

Ўзбекистонда 3 та давлат фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий этилади

Мазкур давлатлар — Баҳрайн, Кувайт ва Уммон.

'Ўзбекистонда 3 та давлат фуқароларига 30 кунлик визасиз режим жорий этилади'ning rasmi

Ўзбекистонда 1 июндан Баҳрайн, Кувайт ва Уммон фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилади.

“2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан туристик хизматлар кўлами кенгайтирилади.

2025 йил якунига қадар туризм соҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

республика ҳудудларига 15,8 миллион нафар хорижий туристларнинг сафарларини ташкил этиш, туризм хизматлари экспортини 4 млрд долларга етказиш;

ички туризмни ривожлантириш ҳисобига 40 миллион нафар маҳаллий сайёҳларнинг ҳудудларга сафарларини ташкил этиш, қўшимча 378 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш.

2025 йилдан ҳар йили 30 ноябрга қадар келгуси йил туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилади.

2025 йилдан ҳар йили ноябрь ойининг 3-ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ташкил этилади.

2025 йил июнь ойидан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурини амалга ошириш учун ҳар ой 2-ҳафтасининг шанба ва якшанба кунлари “Оила ва жамоа билан саёҳатга чиқиш куни” этиб белгиланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев апрель ойида ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам тўхталиб ўтганди. Президент сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етганини (2017 йилда 5 миллионта эди), лекин ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўплигини айтганди. Шу боис ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси — “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилиниши маълум қилинганди.

Маълумот учун,1 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визасиз режим жорий этилади. Бу келишув икки давлат фуқароларига 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар