Божхона қўмитаси томонидан республика ҳудудига инсон саломатлигига хавф туғдирувчи маҳсулотларни ноқонуний олиб киришга қарши чоралар изчил давом этмоқда.
Хусусан, Малик чегара божхона пости орқали мамлакатга кириб келган фуқаро бошқарувидаги Lacetti русумли автомобиль белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Текширув давомида юклар орасига яширилган, 8 ва 10 граммли пакетчаларга қадоқланган уч турдаги “кофе” маҳсулотлари божхона ходимларининг шубҳасини уйғотди. Аниқланишича, ҳайдовчи 2258 дона биологик фаол қўшимчани 200 АҚШ доллари эвазига божхонадан олиб ўтишга уринган.
Марказий божхона лабораторияси эксперт хулосасига кўра, мазкур маҳсулотлар таркибида “Сибутрамин”мавжудлиги тасдиқланди. Ушбу модданинг ҳатто ярим грамм миқдори ҳам Ўзбекистонда жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.






