Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида фарзандлари ҳалок бўлган ота-оналарга ҳамда бева хотинларга уй-жой коммунал хизматлар тўловларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармонида белгиланган.
Фармонга кўра, айрим президент ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган.
Шунингдек, Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар давомида фарзандлари (эри ёки хотини) ҳалок бўлган ота-оналар ва бева хотинларга коммунал тўловларнинг бир қисмини қоплаш учун компенсация пул тўлови жорий этилди.
Афғонистон уруши ва Ўзбекистон
1979–1989 йилларда бўлиб ўтган Афғонистон урушида собиқ Иттифоқ таркибида Ўзбекистон ҳам бевосита иштирок этган. 1979 йил 25 декабрда Совет қўшинлари «байналмилал бурчни бажариш» шиори остида Афғонистон ҳудудига киритилган. Асосий мақсад минтақада собиқ Иттифоққа хайрихоҳ бўлган тузумни сақлаб қолиш ва геосиёсий таъсир доирасини кенгайтириш бўлган. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 9 йил 2 ой давом этган.
Ўзбекистон, хусусан Термиз шаҳри урушнинг асосий логистик марказларидан бири ҳисобланган. Амударё устига қурилган «Дўстлик» кўприги орқали ҳарбий техника ва шахсий таркиб Афғонистонга киритилган ҳамда 1989 йил 15 февралда шу ердан олиб чиқилган.
Ўзбекистон ҳудудида ярадорларни даволаш ва қўшинларни тайёрлаш учун асосий базалар жойлашган.
Уруш йилларида Ўзбекистондан 64 500 нафардан ортиқ йигитлар жанг майдонларига юборилган. Жанговор ҳаракатлар давомида 1 500 дан ортиқ ўзбекистонлик ҳалок бўлган, 2 500 га яқини эса турли даражадаги жароҳатлар билан ёки ногирон ҳолда қайтган.
Урушдан қайтган ҳарбийлар «байналмилалчи жангчилар» мақомини олган. Афғонистон томони маълумотларига кўра, уруш давомида жами 2 миллионга яқин инсон қурбон бўлган.






