АсосийЖамият

Ўзбекистонда Болалар саратони бўйича халқаро академик ҳаб ташкил этилади

У Европанинг етакчи университетлари клиникалари кўмагида Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида очилади.

'Ўзбекистонда Болалар саратони бўйича халқаро академик ҳаб ташкил этилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев 2025—2030 йилларда болалар саратонига қарши курашиш миллий стратегиясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.

Стратегияни ишлаб чиқиш Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Вена халқаро тиббиёт университети ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистонда 2025−2030 йилларда болалар саратонига қарши курашнинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • болалар саратонини эрта босқичларда аниқлаш ҳолатлари улушини 65 фоизгача ошириш;
  • онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларнинг 1 йиллик яшовчанлигини 34 фоиздан 90 фоизгача, 5 йиллик яшовчанлигини эса камида 60 фоизгача ошириш;
  • саратон касаллигига чалинган болаларни 100 фоиз ихтисослаштирилган тиббий ёрдам билан қамраб олиш.

Стратегиянинг устувор вазифаларига замонавий эрта ташхис ва даволаш дастурларини амалга ошириш, тиббиёт муассасалари инфратузилмасини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, тиббий хизматларни рақамлаштириш, комплекс мониторинг тизимини жорий этиш, шунингдек, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш кабилар киради.

Уни амалга ошириш лойиҳаси Самарқанд шаҳридаги ва Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги тиббиёт муассасаларида йўлга қўйилади. Зарур шароитлар яратилса, унинг қамрови мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кенгаяди.

Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизматининг академик, илмий ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда минтақа давлатлари ўртасида болалар онкогематологияси бўйича тажриба алмашиш мақсадида етакчи Европа университетлари клиникалари кўмагида давлат муассасаси шаклида Болалар саратони бўйича халқаро академик ҳаб ташкил этилади. У Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузурида бўлади.

Академик ҳаб илмий-таълим муассасаси ҳисобланади ва унга қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

  • халқаро сертификатлаштириш ва узлуксиз тиббий таълим тизими бўйича баллар тўплаш стандартларига мос келадиган халқаро таълим дастурларини жорий этиш;
  • қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш орқали болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизмати учун малакали тиббий ва илмий кадрларни тайёрлаш;
  • болаларда онкологик ва онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган илғор клиник ва амалий тадқиқотларни татбиқ қилиш ва инновацияларни жорий этиш;
  • тиббиёт муассасаларининг болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси соҳасидаги илмий салоҳиятни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ҳамда глобал академик ва тадқиқот тармоқларига интеграциялашувни ривожлантириш;
  • етакчи хорижий фармацевтика компаниялари ва тиббиёт марказлари билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг талабларига мувофиқ белгиланган тартибда истиқболли дори воситалари ва даволаш методикаларининг клиник синовларини ўтказиш;
  • стратегик режалаштириш ва профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун болалар саратони билан касалланишнинг эпидемиологик тенденцияларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш.

2028 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича академик ҳаб учун олиб кириладиган ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, мулътимедиа маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, инвентар ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан озод қилинади. Қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно.

1 июлга қадар "Электрон соғлиқни сақлаш" ахборот тизимида онкологик ва онкогематологик касалликларга чалинган болаларни рўйхатга олиш, ташхислаш, даволаш, диспансер кузатуви ҳамда йўналтириш жараёнларини ўз ичига олган беморларнинг рақамлаштирилган маршрути жорий этилади. Унда шифокор қабулига масофадан ёзилиш ҳамда онлайн консулътациялар ўтказиш имконияти мавжуд бўлади.

2025 йил якунигача стратегияни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида сунъий интеллект технологиялари жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар