Сўнгги пайтларда Россия ва Озарбайжон ўртасидаги зиддият тобора кучайиб бормоқда. Экспертлар фикрича, ҳозирги қарама-қаршилик даражаси ярим йил аввалгидан ҳам юқорироқ.
Айниқса, “AZAL” авиакомпаниясининг Боку–Грозни йўналишидаги самолёти Россия ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилгани айтилаётган ҳодисадан сўнг вазият янада кескинлашган.
Расмий жиҳатдан Озарбайжон Россиянинг “кичик иттифоқчиси” сифатида қаралади. Лекин Боку энди бу мақомга рози эмас. "Озарбайжон энди Россия босимига бўйсунмайдиган, мустақил ўйинчи сифатида ҳаракат қилмоқда", — дейди Кеннан институти эксперти Максим Трудолюбов.
Статистика ҳам буни тасдиқлайди:
Россиянинг Озарбайжон билан савдо айланмаси 10 фоиздан юқори.
Аммо Озарбайжоннинг Россия билан савдосидаги улуши атиги 0,6 фоиз. Яъни, иқтисодий жиҳатдан кўпроқ Россия Озарбайжонга муҳтож.
Айниқса, Россия учун Боку билан алоқалар санкциялар фонида алоҳида аҳамият касб этади.
Озарбайжон икки мақсадли (ҳарбий ва фуқаролик) маҳсулотлар транзитида воситачи ролини ўйнайди.
Шунингдек, у Россиянинг Эрон ва Форс кўрфази мамлакатлари билан савдосида транзит нуқтаси ҳисобланади.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам зиддият марказида: йил бошида Озарбайжон Европага газ экспортини ошириб, ички эҳтиёж учун Россиядан газ харид қилиш вариантини муҳокама қилган эди. Ҳатто Украина раҳбари Владимир Зеленский бу ташаббусга розилик билдирган.
Барча бу муаммоларга қарамай, икки давлат алоқаларни узиб юбориши эҳтимолдан йироқ. Бироқ Боку томонидан билдирилаётган кескин позициялар шуни кўрсатмоқдаки, Москва энди шартларни бирёқлама белгилай олмайди.
Аналитиклар фикрича, бу воқеа Кавказ минтақасидаги геосиёсий кучлар мувозанатининг ўзгараётганини англатади. Озарбайжон тобора мустақил ва қатъий сиёсий курсга ўтмоқда.