Европа парламенти Грузиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига тўсқинлик қилаётган асосий омил — мамлакатдаги ҳукуматнинг “авторитар йўналиши” ва “адолатли сайловларнинг йўқлиги” эканини расман эълон қилди. Бу ҳақда парламентнинг расмий баёноти ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида эълон қилинди.
Унда қайд этилишича, ҳозирги шароитда “Грузиянинг ЕИга кириш йўли амалда музлатиб қўйилган”. Парламент аъзолари “Грузия халқини қўллаб-қувватлашларини” билдирган бўлса-да, “мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини тан олмасликларини” таъкидлашди.
Грузия 2022 йил март ойида ЕИга аъзолик учун ариза топширган ва орадан вақт ўтиб, номзод мақомини олган эди. Аммо 2024 йил ёзида Европа Кенгаши аъзолик бўйича жараённи де-факто тўхтатиб қўйди. Сабаб – мамлакатда қабул қилинган “хорижий агентлар тўғрисидаги қонун” ва унга қарши бўлган оммавий норозиликларга қарамай ҳукуматнинг босимни кучайтиргани.
Европа Иттифоқи, шунингдек, сўнгги парламент сайловларини “сохталаштирилган” дея баҳолаган. Мазкур сайловда ҳокимиятдаги “Грузин орзуси” партияси ғалаба қозонган эди.
Бу орада, Европа парламенти Грузия ҳукумати ЕИга интилишда жиддий бўлса, адолатли ва эркин сайловлар ўтказишга мажбур, дея эслатмоқда.