Google 2023 йилда Туркияда юз берган ҳалокатли зилзила вақтида ўзининг “Android Earthquake Alerts” тизими орқали зарур огоҳлантиришларни етказиб бера олмаганини тан олди. Бу ҳақда BBC news ёзмоқда.
7,8 магнитудали биринчи зилзила эпимарказидан 158 км радиусдаги 10 миллион одамга ҳаёт учун хавфли даражадаги "Take Action" огоҳлантириши юборилиши мумкин эди. Бироқ атиги 469 та шундай огоҳлантириш йўлланган.
Google маълумотига кўра, ярим миллион фойдаланувчига енгил тебранишлар ҳақида паст даражадаги "Be Aware" огоҳлантириши юборилган — бу эса товушсиз режимни бузмайди ва экранни тўсиб қўймайди.
Зилзила 6 февраль, соат 04:17 да — одамлар уйқуда бўлган пайтда содир бўлган. Кучли тебранишлар оқибатида 55 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 100 мингдан зиёди жароҳат олган. Android тизимидан фойдаланувчи телефонлар Туркияда 70 фоиздан дан ортиқни ташкил қилади, бироқ тизим дастлабки тебранишни атиги 4.5–4.9 магнитуда деб нотўғри баҳолаган.
Google воқеадан кейин алгоритмни такомиллаштирди ва янги моделлаштириш натижаларига кўра, ҳозирги тизим 10 миллион "Таке Action" ва яна 67 миллион "Be Aware" огоҳлантирувини юбора олади.
Аммо айрим олимлар бундай муҳим хатоликлар ҳақида маълумот беришда кечикилганидан норози. "Бу кичик воқеа эмас эди – одамлар ҳалок бўлди", деди АҚШдаги Колорадо кончилик мактаби профессори Элизабет Редди.
Google бу тизим миллий огоҳлантириш тизимларига қўшимча сифатида мўлжалланганини билдирган, бироқ баъзи мутахассислар айрим давлатлар бу технологияга ортиқча ишониб қолаётганидан хавотирда.