Бошқарув тизими янгиланади
Фармонга кўра:
— Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси қайта ташкил этилиб, мустақил Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси қилинади.
— Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг асосида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология қўмитаси) ташкил этилади.
Экология қўмитаси эндиликда экологик барқарорлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” лойиҳаси, ўрмонлар майдонини ошириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширади.
Шунингдек:
— Президент Администрациясида экология масалалари бўйича маслаҳатчи бўлинмаси ташкил қилинади.
— Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги, Гидрометеорология агентлиги, Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Экология қўмитаси ҳузурида ишлайди.
Бешта йирик умуммиллий эколойиҳа
Экология қўмитаси қуйидаги лойиҳалар учун масъул бўлади:
1. “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд” — чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш.
2. “Тоза ҳаво” — атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш.
3. “Яшил макон” — 2028 йилгача камида 100 гектар ботаника ва дендрология боғлари ташкил этиш.
4. “Эко-маданият” — аҳолида экологик маданиятни ошириш.
5. “Био мерос” — биохилма-хилликни асраш.
Экология соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 15 нафаргача эксперт жалб қилинади ва “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.
Экологик назорат кучайтирилади
2026 йил 1 апрелдан — юридик шахсларга янги молиявий санкциялар
Янги тартибга кўра:
• Жарималар фақат юридик шахсларга қўлланади;
• Бир хил ҳуқуқбузарлик учун жарима қўлланилган корхона ходимларига маъмурий жазо берилмайди;
• Жарима тўланган тақдирда ҳам экологик талабларни бажариш мажбурияти сақланиб қолади.
Экополиция ташкил этилади
Экология қўмитаси ҳузурида махсус бўлинма — Экополиция ташкил этилади. У қуйидагилар асосида шакллантирилади:
• Экология вазирлиги Экологик назорат инспекцияси;
• Тошкент, Жиззах ва Қорақалпоғистондаги табиатни муҳофаза қилиш прокуратура бўлинмалари;
• Прокуратура тизимидаги тегишли штат бирликлари.
40 та штат бирлиги Экополиция таркибига ўтказилади.
Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.
Фармон ижроси ва назорат
Экология қўмитаси:
• йирик корхоналар томонидан содир этилган экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида;
• назорат органлари фаолияти;
• давлат органларининг экология қонунчилигига зид қарорларини бекор қилиш ҳақида
Президентга мунтазам ахборот бериб боради.
Фармон ижросини назорат қилиш Президент Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юкланди.






