АҚШ Эронга қарши янги ҳарбий зарбаларни амалга оширди. Шунингдек, шанба куни Ҳормуз бўғози ҳудудида Панама байроғи остидаги кемага дрон ҳужуми уюштирилгани маълум қилинди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.
АҚШ Марказий қўмондонлиги (Centcom) маълумотига кўра, тижорат кемаларига қарши “давом этаётган тажовуз”га жавобан Эрон ҳудудидаги бир нечта ҳарбий нишонларга зарба берилган.
Шунингдек, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ ҳарбий инфратузилмаларига ракета ва дронлар йўллаганини маълум қилди.
Ўзаро зарбалардан сўнг икки томон бир-бирини ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни бузишда айблади.
Centcom баёнотида Эрон “ўт очишни тўхтатиш имкониятидан фойдаланмагани” ва Панама байроғи остидаги танкерга ҳужум қилгани таъкидланди. Бунга жавобан АҚШ ҲҲК Ҳормуз бўғози яқинидаги 10 та Эрон ҳарбий нишонга зарба бергани айтилди.
IRGC эса АҚШ томонидан Эроннинг бир нечта қирроқ постларига ҳужум қилинганини билдириб, унга жавобан Қувайт ва Баҳрайндаги АҚШ базаларига зарбалар берилганини маълум қилди.
АҚШ расмийси Reuters агентлигига ҳудуддаги объектларда қурбонлар ёки жиддий зарар қайд этилмаганини айтди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ ҳужумларини кескин қоралаб, буни “тинчлик келишувининг бузилиши” деб атади.
АҚШ томони эса Эронни келишув шартларини бузишда айблаб, вазият янада кескинлашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.






