Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўғли — 20 ёшли Аҳмад Қодиров Чеченистон Республикаси Бош вазири ўринбосарининг вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Қодиров Telegram-канали орқали хабар берди.
Маълум қилинишича, Аҳмад Қодиров бир вақтнинг ўзида Республика Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимини ҳам эгаллаб туради. Шунингдек, Миллий сиёсат ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев ҳам Бош вазир ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Аҳмад Қодиров 2005 йилда туғилган. У сўнгги йилларда Чеченистон раҳбари маслаҳатчиси, ёшлар сиёсати вазири, жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда “Аҳмат” футбол клуби президенти лавозимларида ишлаб келган.






