Ғазо секторининг марказида жойлашган Дейр ал-Балаҳ шаҳрига Исроил томонидан уюштирилган авиаҳужум оқибатида уч нафар фаластинлик, жумладан бир нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳаво зарбаси 29 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 09:30 атрофида амалга оширилган. Исроил армияси мазкур ҳудудга ҳаво ҳужуми уюштирилганини тасдиқлаган, бироқ операция тафсилотлари юзасидан қўшимча маълумот бермаган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Дейр ал-Балаҳ шаҳри ҲАМАС назорати остидаги ҳудудлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда Исроил Ғазо секторининг тахминан 60 фоизини назорат қилиб турибди.
Вазирлик маълумотида айтилишича, 27 июнь кунидан буён Исроил ҳарбийлари томонидан амалга оширилган ҳужумлар натижасида камида 12 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида саккиз нафар эркак ва тўрт нафар бола бор.
Шунингдек, Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилдаги Ал-Бира шаҳрида ўтказилган рейд чоғида бир нафар фаластинлик ўсмир отиб ўлдирилганини маълум қилди.
Исроил армияси ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб борилаётганини билдириб, ҳарбийлар уларга тош отганликда гумон қилинган шахсга нисбатан ўқ узганини қайд этган.
Маълум қилинишича, Исроил ўтган йил октябрь ойида АҚШ воситачилигида ҲАМАС билан эришилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувдан кейин ҳам Ғазо секторига бир неча бор ҳаво ҳужумларини амалга оширган.
Келтирилган маълумотларга кўра, ўт очишни тўхтатиш тартиби амал қилган саккиз ой мобайнида Ғазода 1045 нафар фаластинлик ва тўрт нафар исроиллик ҳарбий ҳалок бўлган.






