“Каn News” нашрининг дипломатик манбаларга таяниб хабар беришича, Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайган бир пайтда Путин ва Нетаньяху сўнгги вақтларда бир неча бор телефон орқали мулоқот қилган. Қисқа суҳбатлар давомида Нетаньяху Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш режалари йўқлигини таъкидлаб, бу позицияни Эрон томонига етказишда Россия раҳбаридан воситачилик қилишни сўраган.
Кремль охирги телефон мулоқоти 15 ноябрь куни бўлиб ўтганини маълум қилган. Унда томонлар Ғазодаги вазият, Эроннинг ядровий дастури ҳамда Суриядаги барқарорлик масалаларини муҳокама қилган. Исроил ҳукумати Теҳрон томонидан эҳтимолий биринчи зарба берилиши мумкинлигидан хавотирда экани айтилмоқда.
Аввалроқ Нетаньяху Эрондан бўладиган ҳар қандай ҳужум “жиддий оқибатлар”га олиб келишини билдирган, Путин эса Эроннинг ядровий технологиялардан тинч мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини қайд этган.






