Венесуэла ҳукумати 8 январь куни маҳаллий ва чет эллик бир қатор маҳбусларни, жумладан, таниқли мухолифат вакилларини озод қилди. Бу ҳақда El Nacional хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳозирча озод этилган маҳбусларнинг аниқ сони ва тўлиқ рўйхати очиқланмаган. Испания Ташқи ишлар вазирлиги эса озод қилинганлар орасида беш нафар Испания фуқароси борлигини тасдиқлаган.
ОАВ маълумотларига кўра, озод этилганлар қаторида венесуэлалик мухолифатчи сиёсатчи Ҳуан Пабло Гуанипа ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Росио Сан-Мигел бор. Шунингдек, айрим манбалар мухолифат сиёсатчиси Эдмундо Гонзалезнинг куёви Рафаэл Тударес ҳам озод этилиши мумкинлигини ёзмоқда. Халқаро кузатувчиларга кўра, Гонзалез Венесуэладаги сўнгги президентлик сайловларида амалда Николас Мадурони мағлуб этган.
АҚШ маъмурияти ҳам ушбу қарорга муносабат билдирди. Оқ уйнинг халқаро масалалар бўйича матбуот котиби Анна Келлининг айтишича, сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши президентнинг Америка ва Венесуэла халқлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган қароридир.
Маълумот учун, Foro Penal инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, ҳозирда Венесуэлада 800 га яқин сиёсий маҳбус қамоқда сақланмоқда. Уларнинг катта қисми 2024 йилда Николас Мадуронинг қайта сайланишига қарши ўтказилган намойишлар чоғида ҳибсга олинган. Халқаро ташкилотлар Венесуэла куч ишлатиш органларини инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблаб келмоқда.
Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори ва мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо эса сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини олқишлади.






