АҚШ президенти Дональд Трамп Politico нашрига берган интервьюсида Эронда ҳокимият алмашуви зарурлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳозирги раҳбарияти Эронни оғир инқирозга олиб келган. Трамп олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманайийни бевосита танқид қилиб, уни “ёмон бошқарув” ва зўравонлик сиёсатида айблади. Бу ҳақда Euronews ёзди.
Трампнинг таъкидлашича, раҳбарлик қўрқув ва ўлим орқали эмас, ҳурмат орқали амалга оширилиши керак.
“Мамлакатни минглаб одамларни ўлдириш орқали назоратда ушлаб туриш — бу раҳбарлик эмас”, — деди АҚШ президенти. У Эрон бугунги кунда дунёдаги энг нофаровон ҳудудлардан бирига айланганини ҳам қўшимча қилди.
Мазкур баёнотлар Эронда давом этаётган оммавий норозилик намойишлари фонида янгради. 2025 йил охирида иқтисодий муаммолар сабаб бошланган намойишлар тез орада ҳукуматга қарши чиқишларга айланди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотига кўра, хавфсизлик кучлари томонидан минглаб намойишчилар ҳалок бўлган, ўн минглаб одамлар эса ҳибсга олинган. Интернетнинг узоқ муддатга ўчирилиши қурбонлар сонини аниқ аниқлашни қийинлаштирмоқда.
Эрон раҳбари Али Хоманайий эса норозиликлар ортида АҚШ турганини иддао қилиб, юзага келган қурбонликлар учун Трампни айблади. Шунга қарамай, АҚШ президенти Ғарб давлатлари орасида Эрон ҳукуматининг намойишчиларни бостириш усулларини энг кескин танқид қилаётган етакчилардан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро ҳамжамият, жумладан Европа Иттифоқи ва БМТ ҳам Теҳроннинг ҳаракатларини қоралаган.






