Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов муносабат билдирди.
Унинг Nemolchi.uz нашри сўровига жавобан маълум қилишича, жорий йилнинг 7 июнь куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 23 ёшли Ш.Х., 22 ёшли Д.Х., 20 ёшли О.Н. ва 21 ёшли Д.А. 14 ёшли қизни Damas автомашинасига ўтқазиб, дала ҳудудига олиб борган ва унга нисбатан зўрлик ишлатган.
Қайд этилишича, воқеа жойи тезкор-тергов гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, иш учун аҳамиятли бўлган ашёвий далиллар олинган. Шунингдек, суд-тиббий, биологик ва психологик экспертизалар тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 8 июнь куни Яккабоғ тумани Ички ишлар бўлими тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Бироқ тергов давомида тўпланган далиллар асосида 2026 йил 29 июнь куни жиноят иши Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмаган шахсни номусига тегиш)га қайта малакаланган.
Шундан сўнг гумонланувчилар Ш.Х., Д.Х., О.Н. ва Д.А. процессуал тартибда ушланган. Мазкур модда санкциясига мувофиқ, айбдор деб топилган шахслар 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.






