Европа Иттифоқининг Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритиши Эрон билан муносабатларда янги кескинликни юзага чиқарди. Шу муносабат билан Теҳрондаги Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари Эрон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
“Associated Press” маълум қилишича, Эрон томони ушбу қарорга нисбатан расмий норозилик билдириб, уни “ноқонуний ва асоссиз қадам” деб атаган. ТИВ матбуот котиби Исмоил Бағаийнинг айтишича, Европа Иттифоқига нисбатан ўзаро жавоб чоралари ишлаб чиқилган ва яқин кунларда тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад-Боқир Ғолибаф эса бунга жавобан Европа Иттифоқи Қуролли кучларини террорчи ташкилот сифатида тан олиш ҳақида баёнот берган.
29 январь куни Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас КСИКънинг расман террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилганини эълон қилди. Шу билан бирга, Эронга қарши янги санкциялар ҳам жорий этилди. Бу қарорлар 2025 йил охири ва 2026 йил бошларида Эронда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишлари билан боғланмоқда.






