Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар юзасидан фуқаролар мурожаатлари сони кескин ошди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида мазкур йўналишда 1 706 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ уларнинг сони қарийб мингтага етган.
Мурожаатларда асосан қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши, шартнома шартларига риоя этилмаслиги, уй-жойларни белгиланган муддатда топширмаслик, тегишли рухсатномаларсиз олдиндан тўлов йиғиш ҳолатлари тилга олинган.
Шунингдек, техник талабларга жавоб бермайдиган қурилиш материалларидан фойдаланиш, рекламада ваъда қилинган лойиҳаларнинг амалда бажарилмаслиги бўйича ҳам кўплаб эътирозлар билдирилган.
Шу муносабат билан Рақобат қўмитаси фуқароларга ҳали қуриб битказилмаган уй-жойлар учун тўлов қилиш ёки янги қурилган кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олишдан олдин шартнома шартларини синчиклаб ўрганишни тавсия қилди.
Хусусан, қурувчи ва харидорнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, шунингдек, ушбу муддатлар бузилганда томонларнинг жавобгарлигига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланган.
Қўмита қурувчи ташкилотларни амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақириб, қонун бузилиши тегишли таъсир чоралари қўлланилишига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, фуқаролар товар ва хизматларни эркин танлаш, уларнинг сифатли бўлишини талаб қилиш ҳамда етказилган моддий ва маънавий зарарнинг қопланишини сўраш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Президент фармонига кўра, 2026 йил октябридан қурилиш жараёни иштирокчиларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларини эрта аниқлаш мақсадида “сирли мижоз” механизми жорий этилади. 2026 йил сентябридан эса ер участкаларига оид ҳуқуқлар юзага келган пайтдан бошлаб қурилиш ишларини амалга оширишнинг қонунда белгиланган тартибига риоя қилиш юзасидан огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.






