Трампнинг таъкидлашича, президентликдаги биринчи муддати давомида АҚШ Қуролли кучлари тўлиқ қайта шакллантирилган, армия модернизация қилинган ядровий қуроллар билан таъминланган ва Космик кучлар ташкил этилган. У Покистон ва Ҳиндистон, Эрон ва Исроил, шунингдек Россия ва Украина ўртасида ядровий тўқнашувлар олди олинганини билдирган.
Шу билан бирга, Трамп “Yangi START” шартномасини узайтириш ўрнига, ядровий масалалар бўйича янги ва модернизация қилинган келишув ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этган.
Қайд этилишича, Украинада ядровий қурол мавжуд эмас. Киев 1990-йиллар бошида ядровий қуролсизланиш бўйича ҳужжатларни имзолаган ва Ядровий қуролларни тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага қўшилган. Бу жараён доирасида Будапешт меморандуми қабул қилиниб, Украина ҳудудидаги ядровий қуроллар Россияга топширилган ёки йўқ қилинган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ядровий қурол қўлланиши хавфи сўнгги ўн йилликларда энг юқори даражага етганини айтган. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс эса Вашингтон Россия, Хитой ёки бошқа давлатлар билан ядровий қуроллар сонини қисқартириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилган.






