АсосийЖамият

Қўқонда газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кўп қаватли уйда юз берган ёнғин оқибатида бир фуқаро вафот этди, яна уч киши шифохонага ётқизилди.

'Қўқонда газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди'ning rasmi

16 февраль куни соат 21:18 да Қўқон шаҳри “Муқимий” кўчасида жойлашган кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлаётгани ҳақида “112” тизими орқали Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари ҳодиса жойига соат 21:23 да етиб бориб, 21:25 да ёнғинни қуршаб олган ва 21:32 да тўлиқ бартараф этган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида келиб чиққан. Натижада 28-уйнинг 50 квадрат метр майдонида том ва шифт қисми ҳамда уй жиҳозлари ёниб зарарланган.

Чақнаш оқибатида 4 нафар фуқаро турли даражадаги куйиш тан жароҳати билан шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, уларнинг бир нафари вафот этган.

Ҳозирда ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.

    Бошқа янгиликлар