Вазирлик тизимда муаммолар сақланиб қолаётганини тан олиб, жамоатчилик назоратисиз вазиятни тубдан ўзгартириш қийинлигини билдирди.
Асилбек Худоёров соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупцияга қарши кураш масаласида очиқ баёнот билан чиқди. Унинг таъкидлашича, тизимда хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва бюджет маблағлари сарфини назорат қилиш учун “Вазиятлар маркази” ташкил этилган, 1203 қисқа рақами орқали тун-у кун ишловчи ишонч телефони йўлга қўйилган.
Шунингдек, “сирли мижоз” институти жорий этилган, DMED тизими орқали эса тиббий хизматларда коррупсион омилларни камайтириш кўзда тутилган. Фуқаролар қонунбузарликлар ҳақида ишонч телефони ёки info@ssv.uz электрон манзили орқали хабар бериши мумкин. Вазирлик мурожаатларнинг махфийлиги кафолатланишини билдирган.
Маълумотларга кўра, кўрилган чоралар натижасида соҳадаги коррупсион жиноятлар ўтган йилга нисбатан 5,6 фоизга камайган. Бироқ вазирлик бу натижани етарли деб ҳисобламаяпти.
Шу билан бирга, Тошкент давлат тиббиёт университети ва бошқа тиббиёт олийгоҳларида “Тиббиётда коррупция профилактикаси” махсус фани жорий этилган. Ҳозиргача минглаб талабалар ва тиббиёт ходимлари ушбу курсларда таҳсил олган.
Вазирнинг сўзларига кўра, “билсангиз — хабар беринг” тамойили тизимни соғломлаштиришнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолмоқда.






