АсосийБу қизиқ

Дунёнинг энг бой одами ким?

“Forbes” дунёнинг энг бой одамлари рейтингини эълон қилди.

'Дунёнинг энг бой одами ким?'ning rasmi

Тадбиркор Илон Маск кетма-кет иккинчи йил “Forbes” талқини бўйича дунёнинг энг бой одамлари йиллик рейтингида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Forbes”нинг расмий сайтида эълон қилинди.

Tesla, SpaceX асосчиси ва X ижтимоий тармоғи эгасининг сармояси 839 миллиард долларга етди. Маск февраль ойи бошида SpaceX компаниясининг ўз xAI стартапи билан бирлашишидан сўнг, бойлиги 800 миллиард долларлик довондан ошган илк инсонга айланди.

Лидернинг иккинчи ўриндаги Google ҳаммуассиси Ларри Пейж (257 млрд доллар) билан орасидаги фарқ 500 миллиард доллардан ошади. Рейтингда учинчи ўринни Google’нинг яна бир асосчиси — Сергей Брин 237 миллиард доллар бойлик билан эгаллади.

Ундан кейинги ўринларда Amazon асосчиси Жефф Безос (224 млрд доллар) ва кучли бешликни Meta эгаси Марк Цукерберг 222 миллиард доллар билан якунлаб берган.

“Ўтган йил давомида аҳоли фаровонлиги мисли кўрилмаган даражада ўсди, чунки бойлар ҳайратланарли тезликда янада бойишда давом этмоқда. Бу йилги рўйхатда 3428 нафар миллиардер қайд этилди, бу ўтган йилгига нисбатан 400 кишига кўп ва 1987 йилда рўйхат тузила бошланганидан бери рекорд кўрсаткичдир”, дейилади материалда.

Дунёнинг энг бой одамлари жами бўлиб рекорд даражадаги 20,1 триллион долларга эгалик қилмоқда (бир йил олдин 16,1 трлн доллар эди). Рейтингдаги биринчи ўнталикнинг умумий бойлиги 2,6 триллион долларга баҳоланмоқда. Бундан ташқари, бойлиги 100 миллиард доллардан ошадиган инсонлар сони ҳам рекорд даражага – 20 нафарга етди.

Бу йилги “Forbes” миллиардерлари рейтингига 390 нафар янги иштирокчи кирди, улар орасида Маскнинг акаси Кимбал, рэпер ва продюсер Dr.Dre (Андре Янг), хонанда Бейонсе Ноулз-Картер ва теннисчи Рожер Федерер бор. Рўйхатдан 89 киши, хусусан, NASA раҳбари Жаред Айзекман чиқариб ташланди.

Маск сармоясининг жадал ўсишига асосий драйвер сифатида унинг қиймати 250 миллиард долларгача кўтарилган xAI стартапига киритилган инвестициялар ҳамда SpaceX муваффақиятлари хизмат қилди. Охиргиси 2026 йилдаёқ акцияларини бирламчи оммавий жойлаштиришга (IPO) тайёргарлик кўрмоқда, бунда компания 1,5 триллион доллардан кўпроққа баҳоланиши мумкин. Бу тарихдаги энг йирик IPO бўлади ва тадбиркорнинг бойлигини янада оширади.


Таҳлилчиларнинг прогноз қилишича, агар SpaceX IPO’си муваффақиятли ўтса ва унинг компаниялари ҳозирги ўсиш суръатини сақлаб қолса, Маск тарихдаги илк 1 триллион долларлик сармояга эга инсонга айланиши мумкин. “Forbes” ўнталигидан асосан технология сектори вакиллари жой олган бўлиб, ўн нафар миллиардердан саккиз нафари АҚШ фуқаросидир.

Маск сармоясининг ўсиши технологик бозордаги беқарорлик фонида юз бермоқда. Дунёнинг ўнта энг бой одамларидан олти нафари февраль ойида ўз компаниялари акциялари курси тушиши ортидан бойлигининг бир қисмини йўқотди. Энг катта йўқотишларни Жефф Безос (минус 260 млрд доллар), Марк Цукерберг (минус 230 млрд доллар) ва Oracle асосчиси Ларри Эллисон (минус 210 млрд доллар) кўрди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Бугун қайси ҳудудларда қор ёғади?'ning rasmi

    Бу қизиқ Бугун 00:15

    Бугун қайси ҳудудларда қор ёғади?

    “Ўзгидромет” 11 март, чоршанба куни учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди.

    'Доллар курси тушди'ning rasmi

    Бу қизиқ 10.03.2026 11:33

    Доллар курси тушди

    Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 11 мартда амалда бўладиган қийматини эълон қилди.

    '2025 йилда энг кўп чақалоқ туғилган туман ва шаҳарлар маълум бўлди'ning rasmi

    Бу қизиқ 10.03.2026 04:13

    2025 йилда энг кўп чақалоқ туғилган туман ва шаҳарлар маълум бўлди

    Энг кўп чақалоқ туғилган ҳудудлар орасида Наманган шаҳри етакчилик қилди.

    'Яқин Шарқдаги кескинлик глобал савдога зарба берди: нефть нархи ошди, АҚШ бож сиёсати ўзгариши мумкин'ning rasmi

    Бу қизиқ 09.03.2026 04:25

    Яқин Шарқдаги кескинлик глобал савдога зарба берди: нефть нархи ошди, АҚШ бож сиёсати ўзгариши мумкин

    Дунё савдосига таъсир кўрсатаётган ушбу ва бошқа муҳим воқеалар ҳақида қисқача шарҳ.

    'Уруш фонида нефть нархи кескин ошди'ning rasmi

    Бу қизиқ 08.03.2026 23:52

    Уруш фонида нефть нархи кескин ошди

    Эрон атрофидаги уруш кескинлашиб борар экан, жаҳон бозорида нефть нархи кескин кўтарилди.

    '3,7 миллион йил аввал яшаган инсон аждодининг юзи тикланди'ning rasmi

    Бу қизиқ 06.03.2026 14:10

    3,7 миллион йил аввал яшаган инсон аждодининг юзи тикланди

    Олимлар инсониятнинг қадимги аждодларидан бирига тегишли бош суяги асосида унинг эҳтимолий юз қиёфасини қайта тиклади.