Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроилни “тажовузкорлар” деб атаб, Теҳрон улардан етказилган зарар учун товон пули талаб қилишини маълум қилди. У бу ҳақда “Fars” нашрига берган интервьюсида айтган.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ҳеч қачон ҳужум қилган томонларни жавобсиз қолдирмайди ва компенсация масаласини охиригача олиб боради. Шунингдек, у Ҳормуз бўғози бошқаруви “янги босқич”га ўтишини таъкидлаб, бу масала АҚШ билан музокараларда асосий талаблардан бири эканини қайд этди.
Хоманаий Эрон уруш бошламаганини урғулар экан, мамлакат ўз “қонуний ҳуқуқлари”дан воз кечмаслигини билдирди. У, шунингдек, Эрон халқини “жанг майдонидаги шартсиз ғолиб” деб атади ва Форс кўрфази давлатларини “тўғри қарор қабул қилишга” чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп АҚШ ва Эрон ўртасида икки ҳафталик сулҳга эришилганини маълум қилган эди. Маълумотларга кўра, томонлар ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар 10 апрель куни Исломободда ўтказилиши режалаштирилган.






