АсосийДУНË

Германия “Шимолий оқим” портлашлари бўйича Украина фуқаросига расман айблов эълон қилди

Айбланувчи эса ўзига нисбатан билдирилган айбловларни рад этиб, “Шимолий оқим” портлашларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган.

'Германия “Шимолий оқим” портлашлари бўйича Украина фуқаросига расман айблов эълон қилди'ning rasmi

Германия Бош прокуратураси 2022 йилда Болтиқ денгизидаги “Шимолий оқим-1” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурларида содир бўлган портлашлар юзасидан Украина фуқароси Сергий К.га расман айблов эълон қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.

Германия қонунчилигига мувофиқ, айбланувчининг фамилияси тўлиқ ошкор этилмаган. Унинг ҳимоячилари айблов хулосаси топширилганини тасдиқлаган, бироқ ҳужжат мазмунига изоҳ беришдан тийилган.

Немис оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, Сергий К. фуқаролик энергетика инфратузилмасига қарши диверсия уюштириш, портлаш содир этиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга объектларни вайрон қилишда айбланмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, у 2022 йил сентябрь ойида Даниянинг Борнхольм ороли яқинида “Шимолий оқим” газ қувурларига портловчи қурилмаларни ўрнатган гуруҳ ҳаракатларини мувофиқлаштирган. Айтилишича, гуруҳ операция давомида “Андромеда” номли елканли яхтадан фойдаланган.

Терговчиларнинг тахминига кўра, гуруҳ таркибида бир нафар координатор, капитан, тўрт нафар чуқур сув ғаввоси ҳамда портловчи моддалар бўйича мутахассис бўлган. Прокуратура Сергий К.ни ушбу операциянинг раҳбари ва асосий координатори сифатида кўрмоқда.

Айбланувчи эса ўзига нисбатан билдирилган айбловларни рад этиб, “Шимолий оқим” портлашларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, “Шимолий оқим-1” ва “Шимолий оқим-2” газ қувурларидаги портлашлар Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан бир неча ой ўтиб содир бўлган эди. Ҳодиса Россия газини Европага етказиб беришнинг асосий йўналишларидан бирини ишдан чиқариб, айниқса Германияда энергетика инқирозининг кучайишига сабаб бўлган.

Тергов материалларига кўра, Сергий К. ҳодиса содир бўлган вақтда Украина махсус кучлари офицери бўлган. У ўтган йил август ойида Италияда қўлга олинган, шу йил ноябрь ойида эса Германияга экстрадиция қилинган.

    Бошқа янгиликлар

    Германия “Шимолий оқим” портлашлари бўйича Украина фуқаросига расман айблов эълон қилди - Darakchi.uz