1

Эркаклар ғашига тегадиган 5 анъанавий одат

СУҒДИЁНА 12.01.2017, 16:15
Теглар: Аёл, Эркак, Оила, Эр-хотин, SUGDIYONA
Эркаклар ғашига тегадиган 5 анъанавий одат

Турмуш ўртоғингизнинг овқатни чалпиллатиб чайнаши, кир пайпоғини тўғри келган жойга ечиб отиши, худо кўрсатмасину, футбол кўраётганида сизни дард тутиб қолса ҳам қайрилиб қарамаслиги асабингизни бузади. Аммо, биз аёлларнинг ҳам эркаклар ҳазм қила олмайдиган ғалати-ғалати одатлдаримиз борки, уларни тан олмаслик уят бўлади.

 

1. Сиз саранжомлик жиннисисиз. Уйингизда ҳамма нарса жой-жойида бўлишини истайсиз, эрингиздан ҳам шуни талаб қиласиз.

Аслида саранжом-саришталикнинг ҳеч ёмон жойи йўқ. У аёл кишини завқлантиради, баҳру-дилини яйратади. Қолаверса, уйни йиғиштириш жараёнида асаблар ҳам тинчланади.  Аммо турмуш ўртоғингиздан ҳам орасталикка амал қилишини талаб қилаверишингиз ёки ҳеч бўлмаганда сизнинг уринишларингизни  қадрлашини исташингиз ножоиз. Унга пайпоқлари футболкалар билан бир тортмада ётадими ёки алоҳида полкага тахланиб қўйиладими, умуман аҳамиятсиз. Эркак кишининг бош қотириши учун бундан муҳимроқ масалалар керагича, унинг майда-чуйдаларга вақти йўқ (ўзининг ҳисоблаши бўйича, албатта).

Нима қилиш керак?

Агар сиз уйингиздаги идеал орасталиксиз яшай олмасангиз, кимнидир бунга мажбурлашингиз шарт эмас, ўзингиз ҳаракат қилинг. Аммо буни юксак баҳолашларига ҳам умидвор бўлманг, чунки биров учун эмас, ўзингиз учун ҳаракат қилаяпсиз.

 

2. Вақти-вақти билан қоматингиз ташвишини қилиб парҳез тутасиз ва бу ҳақида гапиришни яхши кўрасиз. Камида жуфтингизни ҳам енгилроқ таомга ўргатмоқчи бўласиз.

Ҳар қандай эркакнинг ҳам бундан жаҳли чиқади. Тўғри-да, семираётган сиз-у, жабр кўрадиган у бўлсинми? Эрингиз учун овқатнинг каллорияси муҳим. Унинг учун гўштсиз таом енгил салатдек тўйимсиз бир озуқа демакдир.

Нима қилиш керак?

Гўзал ва хушбичим бўлмоқчимисиз? Марҳамат! Лекин, бу жараённинг ҳар бир босқичи ҳақида эрингизни хабардор қилиш ва айниқса уни парҳезингизга қўшиш ҳеч ҳам шарт эмас! Ҳаракатларингиз самара бериб, ташқи кўринишингизда ижобий томонга ўзгаришлар пайдо бўлсаю, ўзингизга бўлган ишончингиз ҳам ошса, буни бегингиз албатта сезади. Унинг учун қўлланилган усуллар эмас, кўринган натижа муҳим.

 

3. Озодаликни севасиз ва турмушингизнинг турфа ёқимсиз ҳидлардан холи бўлишини истайсиз. Шунинг учунми, турмуш ўртоғингизга ҳадеб, сиз совға қилган янги дезодорантдан фойдаланишини эслатаверасиз.

Аслида эркаклар аёлларга нисбатан ҳидларга таъсирчанроқ бўлишади. Айнан шу сабаб, улар ўз аёлидаги фақат унгагини хос ҳидни илғай олишга қодир. Агар сиз ҳадеб ранг-баранг француз атирларидан фойдаланаверсангиз, бу унинг сизга иштиёқини пасайтириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Жуфтингизга атир ҳақида ҳадеб эслатаверишингизни эса у, «мени хушламаяпти», деб ҳам қабул қилиши мумкин.

Нима қилиш керак?

Уни айнан битта ўзингизга ёқадиган атир ҳидига ўргатинг. Бундан аввал шу ҳиднинг унинг ўзига ҳам ёқишига ишонч ҳосил қилишни унутмай, албатта. Эркаклар дид ва ижтимоий одатлар борасида жуда консерватор бўлишади. Бирор атирга ўргандими, бўлди ундан ҳар доим фойдаланишади.

 

4. Сиз у билан ўз дугоналарингиз, касбдошларингизни муҳокама қилишни яхши кўрасиз.  

Бегингизнинг сиз ва дугоналарингиз орасидаги муносабатни англаб, рўй берадиган вазиятларни холис баҳолашини исташингиз ноўрин. У баъзан биргина аёлни-сизни тушуна олмайди-ю, сиз унга бир неча аёл-дугоналарингиз юриш-туриши ҳақида ҳикоя қилиб ўтирибсиз-а?!

Эркак кишининг табиатида, аёлларнинг нозик ҳиссиётларини англаш, уларга юпатинч бўлишга мойиллик йўқ. Улар учун ҳаракат қилиш ҳис қилишдан кўра осонроқ. Шундай экан, сизнинг дугоналарингиз ҳақидаги тинимсиз ҳикояларингиз унда улардан бирига нисбатан қизиқиш уйғотиб қўйса, ўзингиздан кўринг! Бунинг сизга ҳеч кераги йўқ-ку, тўғрими?

Нима қилиш керак?

Дугоналарингиз билан муносабатда эрингизнинг иштироки шарт эмас. Оилангиз сизнинг шахсий ҳудудингиз. Турмушингизга дугоналарингизни, шунингдек, дугоналарингиз даврасига эрингизни олиб кирманг. Агар у атрофингиздагиларнинг бирортасига қизиқиб қолганини сезсангиз, суҳбатларингизда у ҳақида гапирмай қўйганингиз маъқул.

 

5. Сиз у билан қандай танишганингиз, муносабатларингиз ривожи қай тарзда кечгани ҳақида эслашни хуш кўрасиз. Ва хохлайсизки, бу жараёнда у ҳам иштирок этсин.

Унинг учун жараён эмас, натижа муҳимлиги ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтдик. Натижа эса қаршисида, унинг иссиқ-совуғига қараб, фарзандларини тарбиялаб юрибди. Унга яна нима керак? Йўқ, усиз ўйлаганчалик боқи-беғам эмас, унинг тасаввури жуда бой. Бироқ у ўтиб кетган нарсалар ҳақида нега қайта-қайта гапириш кераклигини умуман тушунмайди. Эркак ўз ҳиссиётларини сўзда ифодалашни, уларни қайта-қайта муҳокама қилишни севгисини исботлашнинг асосий усули деб билмайди холос.

Нима қилиш керак?

Ундан сиз учун азиз бўлган бирор-бир воқеани ҳатто эслолмагани учун ўпкалаб юрманг. Нима ҳам қилардингиз, эркакларни табитат шундай яратган ахир! Жуда хотираларга берилгингиз келса, яхшиси бу борада севимли дугонангиз билан келишиб, бир финжон қаҳва устида суҳбатлашиб, кўнглингиз чигилини ёзинг. Аёл қалбини аёл тушунади. Фақат… Суҳбат учун чорлаган дугонангизнинг сизга ҳасад қилмаслигига, аввалданоқ ишончингиз комил бўлиши кераклигини ёдда тутинг.

Гулноза Алимова

Шарҳлар

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп?

26.09.2021, 17:45

Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида оилалар сони кўп? Давлат статистика қўмитаси маълумот берди. Унга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида жами 8 871 412 та оила...
Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Ўзбекистонда 2030 йилга қадар оила институти янада мустаҳкамланади

27.05.2021, 16:56

АОКАда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти раҳбарлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.Анжуманда  “Ўзбекистон Республикасида оила институтини 2030 йилгача янада мустаҳкамлаш концепцияси” мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1