1

Танаси бошқа дард билмас ёҳуд Таъмагир шифокорнинг аччиқ изтироблари

ЖИНОЯТ 17.01.2017, 15:07
Теглар: Жиноят
Танаси бошқа дард билмас ёҳуд Таъмагир шифокорнинг аччиқ изтироблари

Тошкент шаҳридаги нуфузли шифохоналардан бирида шифокор бўлиб ишлардим. Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилиб, барча шарт-шароитлар яратилгани бошқа ҳамкасбларим сингари менинг ҳам ишга бўлган иштиёқимни оширарди. 

Тиббиёт ходимлари элда эъзоз топган мана шундай юртда шифокор бўлиб ишлаб, инсонларга оз бўлса-да фойдам тегиб юрганидан ич-ичимдан суюнардим. Касбимдан барака топган эдим дейишга тўлиқ ҳақлиман.  Айниқса, кекса отахон ва онахонларнинг тинмай алқаб, дуо қилишлари мени беихтиёр қувонтирарди. Ҳар доим кийган оқ либосимга, ичган қасамимга содиқ бўлишга ҳаракат қилганман.  

Лекин нима бўлганда ҳам хом сут эмган бандамиз-да. Баъзида ўзимиз англамаган ҳолда манманлик қиламиз, бошқаларни писанд қилмай, оёғимиз ердан узилади. Айниқса, бу каби ҳолат одамларнинг кўп иши тушадиган касбда ишласангиз тезда юзага чиқаркан. 

Ўзини билган одам хато ва камчиликларини тўғирлашга, ҳамма билан самимий муносабатда бўлишга ҳаракат қилади. Афсус, мен вақтида кўзимни очмадим. Хонамнинг олдида навбатини кутиб турган беморларга қўпол муносабатда бўла бошладим. Айрим беморлардан пул таъма қилиш одатини чиқардим.  

Бу воқеага беш йилча бўлиб қолди. Шу пайтгача ҳеч кимга айтмай ичимда сақлаб юрдим. Бир куни қабулимга ўн тўрт яшар болани олиб келишди. Унинг аҳволи жуда ачинарли  эди. Ҳали ёш бўлишига қарамай қандли диабет касалига чалинибди. Бунинг устига ошқозони ҳам тез-тез безовта қилиб турар экан. 

Ушбу беморни кўриб, тўғриси, ачинишнинг ўрнига ғазабланиб, унинг ота-онасига:

—  Яхшироқ овқатлантирсангиз бўлмайдими, нима аҳвол бу ўлар ҳолига келиб қолибди-ю, —  дея  бақирдим.  

Шунда уларнинг иккаласи ҳам маъюс тортиб, ерга тикилиб қолди. Аёл секингина рўмолчасини чиқариб кўзидаги ёшни арта бошлади. Шу пайт бемор боланинг отаси мени четга тортиб:

—  Дўхтир нима деганингиз бу, қайси ота-она ўз фарзандидан бирон-бир егуликни қизғонади? Қолаверса, мен ўзига тўқ одамман. Салим менинг биттаю-битта фарзандим. Бор топган-тутганим шуникида. Фақатгина, ўзида иштаҳа йўқ. Нима қилай қийналиб кетдим, —  деди.  

Тўғриси, менга унинг “ўзига тўқ одамман” деган сўзлари кўпроқ ёқиб тушди. Ўзимча ўйлай бошладим: “юз кўкидан ташлаб кетаса-я. Фарзандим учун ҳар нарсага тайёрман деди-ку. Уялтирмас қуримсоқ”. 

Ҳа, у мен ўйлаганимдек, юз кўкида бўлмаса ҳам ўзига яраша  бериб кетди. 

Ўша кезлари уларни қандай кечинмалар чулғагани, жигарбанди азобланаётганидан сиқилаётгани ҳаёлимга ҳам келмаган.   Орадан беш олти ой вақт ўтди... Салимнинг отаси  яна аёлини етаклаб қабулимга кириб келди. Уларни кўриб суюниб кетдим.  Фарзандлари соғайиб кетгандир шунга раҳмат айтгани келгандир деб ўйладим. 

Лекин афсус, ундай бўлиб чиқмади. Салим оламдан ўтган экан. Уларга қайсидир бошқа шифокор фарзандлари нотўғри муолажа қилинганини  айтиб,  ўша ташхис қўйган ва дориларни тавсия қилган шифокорни судга бериш кераклиги ҳақида уқтирибди. 

Фарзанд доғида куйган ота-она тўппа-тўғри менинг олдимга келаверган. Уларга ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилдим. Икки-уч  марта тўполон қилиб келишди-ю, кейин келмай қўйди. Судга ҳам бермади... 

Аммо, мен бундан ҳам оғир жазога рўпара келдим. Хуллас, кунларнинг бирида жарроҳлик амалиётини муваффақиятли тугатдик. Беморнинг қариндошлари зиёфат уюштирди. Ичкилик кўп бўлиб кетган бўлишига қарамай, машинамни ўзим бошқараман деб туриб олдим. Машина рулига ўтирганим эсимда, бир маҳал кўзимни очсам касалхонада ётибман. Азбаройи оғриқнинг кучлилигидан ҳатто бир сўз айтишга қўрқаман. Оёқ томоним музлаб ётибди. Танамни ҳаркатлантира олмасдим. Хуллас, ҳалокатга учраб умуртқамга қаттиқ шикаст етибди.  Тақдирнинг ўзи мени жазолади.   Автоҳалокат туфайли ногирон бўлиб қолдим.

Аёлим, фарзандларим, яқинларим ва дўстларимнинг атрофимда гирдикапалак бўлиб чорасиз бир аҳволда кўзларига ёш олишини кўриб, бир пайтлар қабулимга келган беморлар қариндош-уруғларининг ҳолати кўз олдимда гавдаланади.

Мана шундай аянчли аҳволга тушишимга фақатгина ўзим айбдорман. Ўзим қийналганим етмагандай, турмуш ўртоғим ва болаларимни ҳам қийинчилик, дард-алам, қайғу гирдобига ташладим. Бошимга тушган бу кўргиликлардан  сўнг бир пайтлар қабулимга келган Салимнинг ота-онасига қанчалик қийин бўлганини ич-ичимдан ҳис қилдим!... 

“Танаси бошқа дард билмас” деб бежиз айтишмас экан. 

Беморлар ва уларнинг қариндошлари кўнглини оғритган шифокор ҳеч қачон бахтли ҳаёт кечира олмаслиги менинг мисолимда ўз исботини топди. 

Шерали Умаров
Тошкент шаҳри

Шарҳлар

Жиззахда 39 ёшли эркак хотинини уриб ўлдирди (видео)

07.09.2022, 12:07

Жиззахда аёл ўз эри томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. Маълум қилинишича, жорий йилнинг 2 сентябрь куни Жиззах вилояти Зарбдор тумани Янгиҳаёт...
Наманганда 21 ёшли йигитни қотилига айланган блогерга нисбатан қамоқ жазоси тайинланди

10.01.2022, 21:58

Наманганда 150 минг сўм эвазига Instagram саҳифасидаги обуначиларини кўпайтириш ортидан икки блогер ўртасида келиб чиққан келишмовчилик қотиллик билан тугади.Қайд этилишича, ҳодиса Чуст туманида ўтган йилнинг...
Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди

10.08.2021, 17:29

Термизда қидирувдаги қочқин қўлга олинди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ хабар берди.Маълум бўлишича, Термиз тумани “Ш.Рашидов” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Илҳом 2021 йил 29 июнь куни...
Йилнинг 6 ойида ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган

10.08.2021, 16:44

2021 йил 6 ойида ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 132 та жиноят тўғри келган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган  матбуот анжуманидан махсус мухбиримиз Абдукарим Зарипов...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1