Галдаги суҳбатдошимиз ижод ва оилани “тарози палласи”да тенг ушлай олишни уддасидан чиқадиган, айни дамда тўртинчи бор оналик бахтига эришиш остонасидаги хонанда Нилуфар УСМОНОВА...
— Нилуфар, насиб этса, тўртинчи бор оналик бахтига эришиш арафасидасиз. Жудаям қиз фарзанд кўришни ният қилардингиз, қизиқишингиз устунлик қилиб, жинсини аниқлаштиргандирсиз?
— Албатта! Лекин барибир текширув натижасига тўла ишонч ҳосил қилмадим. Чунки баъзи танишларимда текширув натижасининг акси кузатилган. Бироқ таъкидлаганингиздек, қизлик бўлишни жудаям истаяпман.
— "Қиз ва ўғил фарзандга ҳомиладорлик ҳар хил кечади", дейишади-ку…
— Тўғри, "ўғил бўлса, онанинг ҳуснига ҳусн қўшилади, қизда эса аксинча", дейишади. Ташқи кўриниш, овқатланишда ўзгариш сезмадим. Лекин дангаса бўлиб қолганман (кулади).
— Насиб бўлса, онангизни бой қиларкансиз. Яна бир карра буви бўлишдан севинчи ичига сиғмаётган бўлса керак? Ахир "данагидан мағзи ширин", деб бежиз айтишмайди-ку!
— Хурсанд бўлишдан ҳам кўра аввало соғлигимни ўйлайдилар. Хавотирланганларидан "Кўзинг ёриб бўлганидан кейин айт, унгача лом-мим, дема", деяверадилар.
— Ўғилларингиз туғилгунига қадар ҳам онангизга айтмаганмисиз?
— Аввало, биринчи бўлиб онамдан суюнчи олиб, хурсанд қилгим келади. Ва албатта онамни соғлигини ўйлаб, ўғилларим дунёга келгунга қадар айтмаганман. Онам "Бир маротаба она бўлиш азобини тотиб кўрганман, етади", дейдилар. Қайғуриб, юраги ёмон бўлиб қолишидан жуда қўрқаман.
— Cиз бувингизнинг боласи бўлгансиз. Фарзандларингиз ҳам "бувисининг боласи" бўлишини истайсизми ё ота-онасининг?
— Ўғилларим "бувисининг боласи", бунга қаршилигим йўқ. Уйда буви, бува, отаси, қисқаси мендан бошқа ҳамма эркалатади. "Онангга айтиб берамиз", дейишса, шўхликлари бирдан ёдидан чиқади, ахир кимдандир қўрқиши керак-ку. Жаҳлимни чиқаришса, урмайман, уришмайман, хафа бўлиб насиҳат қиламан, кейин юрагим ёмон бўлиб қолади, йиғлаб ҳам бераман. Сиримни очаман, бунинг ҳаммаси саҳналаштирилган "томоша" бўлади. Ўғилларимга шу "томоша"мнинг ўзи етади (кулади).
— Интернет сайтларига берган интервьюнгиздан бирида туғилмаган фарзандингиз нобуд бўлганини айтгандингиз. Кўпчилик эса бу маълумотни энди туғилажак фарзандингиз билан боғлади, кўнглингизга оғир ботгандир?
— Нимасини айтасиз, худди шундай бўлишини тилаётгандек туюларкан одамга. Ўқиганимда жуда қаттиқ ранжидим, кейин барини орқага ташладим. Гапларимни бошқача талқин қилганликлари учун ҳам интервью бермайдиган бўлиб қолдим.
— Инстаграм тармоғидаги шахсий саҳифангизга қўяётган расмларингиздан маълумки, аввалгига нисбатан эътиборингизни фарзандларингизга қаратгансиз. Бунинг гашти ижодникидан тотлироқдир-а?
— Ҳақсиз, гашти ўзгача. Ўғилларим ҳозир ақлини таниган, вояга етганида, "онам вақтини биз билан ўтказарди", деб эслаб юришади. Ўзим ўғилларимнинг ёшида бўлган пайтимни эслайман, ҳар бир воқеа кинотасмасидек кўз олдимда қолган. Бор эътиборимни ўғилларимга қаратишимнинг яна бир сабаби, кўзим ёригач, чақалоқ билан овора бўлиб қоламан. Фарзандларимнинг қайтариб бўлмас онларидан завқланиб яшагим келяпти. Улғайишганидан кейин истасам ҳам уларнинг вақтини тополмайман. Ўғилларим онасининг бахтли аёл эканини кўриб улғаяётганидан ҳам хурсандман. Онанинг бахтини кўрмай улғайган ўғиллар эртага рафиқасини қандай бахтли қилади? Бу жиҳатларни ҳам унутмаслик керак!
— Шахсий ҳаётда юз фоиз бахтлиман, деёласизми?
— Шубҳасиз! Ота-онам, турмуш ўртоғим, фарзандларим ёнимда. Ҳар бир куним ва берган неъматларига шукр қиламан. Нолисам, ношукрлик бўлиб қолади. Назаримда, халқнинг дуоси билан шу кунларга етиб келдим.
— Онангиз Юлдуз Усмонова, сиз ва яна бир қатор хонандалар ТВ, радиодаги рекламаларсиз ҳам рейтингни бир маромда ушлаб туриш мумкинлигини исботладингиз. Нима деб ўйлайсиз, ҳақиқий ижодкорга "прома" керакми ўзи?
— Ҳақсиз, Юлдуз Усмонова 10 йиллик танаффусга, Озодбек Назарбеков тинмай клип суратга олмаганига қарамай, ҳануз севимли. Лекин ўзимни сира бу рўйхатга қўшмаган эканман. Агар шундай бўлса, шукр ва бениҳоя хурсандман. Аслида мендек кайфият ва кўнгил амрига қараб ишлаш керак эмас. Лекин кўнгилингизда кечаётган туғёнларни шоирга айтиб, ҳамкорликда ишлаш ҳам яхши натижа беради. Масалан, Якзон, Шуҳрат Нуралиев билан шу тарзда ишлаган жуда кўп қўшиқларимиз юракларга етиб борган. Шуҳрат Нуралиев ҳам "Унутгин", "Кел иккимиз" каби кўплаб қўшиқларимнинг муаллифи. Аслида тўртта альбомим деярли тайёр, лекин ҳозир ишни ниҳоялашга имконим йўқлиги сабаб, тўхтаб турибди. Саволингизга аниқ жавоб берсам, севимли ижодкорга "прома" керакмас!
— "Кел иккимиз" қўшиғини клипи билан тақдим этганингизга ҳеч қанча вақт бўлмай, ўз мухлисларини топиб улгурди. Тан олиш керак, қўшиқ дард билан куйланган, кимнинг дарди экани эса барчага бирдек қизиқ?
— Аслида бу қўшиқ 10 йиллик севгимиз тарихи эгаси — турмуш ўртоғимга романтик совға сифатида ёзилганди. Клип сценарийсини ёзиш учун қўшиқни Ёлқин Тўйчиевга бергандим, клип воқеаларини шу тарзда тасаввур қилибди. Меҳнатини қадрлаганим учун сценарийни ўзгартирмай суратга олдик. Тўғри, клипда қисман менинг ҳам ҳаётим акс этган, лекин тўлиқ эмас.
— Ўғлингиз Саидаъзамхон ҳам бу қўшиғингизни кўп тинглар экан, сабаби билан қизиққанмисиз?
— Қизиқмаган эканман. Очиғи, ўзбек тилини яхши тушунмайди. Саидаъзамхон "қўшиқ чиройли куйланган", дейди холос. Ижроим ёққани учун тингласа керак. Иброҳимхон арабча қўшиқларни яхши кўради. Сулаймонхон бувисининг мухлиси.
— "Gipsy Kings" билан "Baila soledad" қўшиғини тақдим этдингиз. Ҳамкорлик таклифи кимдан чиқди?
— Ҳамкорликни "Gipsy Kings" таклиф қилди. Аввалига йўналишимга мутлақо тескари-ку, деган иккиланиш билан рози бўлгандим, натижа ёмон чиқмади. Аслида мазкур испан тилидаги қўшиқ маҳзун эди, биз шўх қилиб ижро этдик. Клип ҳам табиий ҳолатда суратга олинган. Ҳамкорликдаги яна бир қўшиғимиз деярли тайёр. Улар янги альбомига киритиладиган олтита қўшиқни мен билан ижро этишмоқчи. Ҳозирча ўйлаяпман, аниқ жавоб бермадим. Сабаби, барчага маълум (кулади).
— "Юлдуз Усмонова санъатга қайтди, ана энди анча хонандалар "элакдан ўтади", деган гаплар қулоққа чалинганди. Бу фикрларга қўшиласизми?
— Тўғри, ҳақиқий санъатни энди кўришади. Юлдуз Усмоновада Аллоҳ берган истеъдод бор, бу эътирофни онам бўлгани учун айтаётганим йўқ. Хонандаларнинг "элакдан ўтиши" ҳам табиий. Хонандалар ҳеч бўлмаса, юқори поғоналарга чиқиш учун ҳаракат қилади, натижада янги қирралари очилади. Чўққига интилиш фақат ижобий натижа беради. Акси бўлса, "элак"дан тушиб қолаверади.
— Кўпчилик хонандалар "мухлис ва санъаткор ўртасида чегара бўлиши керак, йўқса қадринг қолмайди", деган фикрда. Сиз эса мухлислар билан тўғридан-тўғри боғланиб, мулоқот қилишни канда қилмайсиз.
— Қадрли бўлиш тушунчаси мухлислар билан чегара сақлаш билан ўлчанмайди, назаримда. Лекин тўғри, жонли мулоқот жараёнида ғашимга тегадиган ҳолатлар ҳам бўлади. "Тишингизни оқартирганмисиз?", "Лабингизга нима бўлган, тишлаб олганмисиз?" деб қайта-қайта сўрайверишади. Лабимдаги қора нуқта табиий ҳол, деб тушунтириб ўтираман (кулади). Баъзилар "Саволимга жавоб бермадингиз", дейишади, аслида эса "салом", деган сўздан бошқа нарса ёзмаган бўлади.
— 2014 йилнинг кузида концерт бериш ниятида эдингиз, бироқ…
— Тўғри, ҳалигача концерт бермадим. Ҳақиқатан концерт дастуримни тақдим қилишнинг вақти келди. Насиб бўлса, концертимни жонли ижрода тақдим этаман.
— Интизорлик билан кутамиз!
Блиц:
— Ишончингизни қозониш учун…
— Илк кўришганимда кўнглимга ёқдими, ўша одамга доимий ишонаман.
— Жаҳлингиз чиққанида…
— Ўғилларим билан ўйнайман, севимли сериалларимни кўраман.
— Қайси одатингизни ўзгартирган бўлардингиз?
— Одамларга боғланиб қолишимни. Шу жиҳатим панд беради.
— Дўстларингиздаги қадрлайдиган жиҳатингиз?
— Мени дўстим бўлгани учун қадрли. Уларни бошқалар сариқ чақага илмаслиги мумкин, лекин мен улардан кечмайман.
— Севимли машғулотингиз…
— Дам олиш (кулади).
— Ўзига хослигингиз?
— Ҳамма нарсани четга суриб, қадрли инсонларимга боримни бераман.
— Ўзингизга қолса…
— Худбин бўлардим.
— Қаршингиздан Ҳизр чиқса…
— Ҳамма яқинимга соғлиқ, имонимизни мустаҳкам бўлишини сўрардим. Учинчи тилагимни айтмайман (кулади).
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ