Бугун ёшлар орасида турли энергетик ичимликлар урфга кирган. Уларнинг инсон саломатлиги учун зарари йўқми?
Мархабо Кенжаева, Тошкент ш.
Қамариддин БОҚИЕВ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси:
— Энергетик ичимликларнинг ҳаддан ортиқ истеъмоли киши саломатлиги учун салбий таъсир қилиши, шубҳасиз.
Биринчидан, бу турдаги ичимликларни бир кунда кўпи билан икки банка истеъмол қилиш мумкин холос. Меъёрдан зиёди артериал босимни ошириб, қондаги шакарнинг ортишига олиб келади. Юрак-қон томир, гипертония сингари хасталиклари бор кишилар энергетикларни умуман ичмаганлари маъқул.
Иккинчидан, энергетиклардаги витаминлар организмимиз учун зарур бўлган мультивитамин комплекснинг ўрнини боса олмайди. Қолаверса, энерготоник кишига қувват бермайди, аксинча организмнинг ички резерви ишлатилишини фаоллаштиради. Натижада, киши ичимлик таъсири ўтгач чарчоқ, уйқусизлик, асабийлик ва тушкунлик каби ҳолатлар пайдо бўлади. Кўпгина қувват берувчи ичимликларда учрайдиган В витамини кўплиги туфайли истеъмолчида вақт ўтиши билан юракнинг тез уриши, бўғинларда увишиш каби ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин.
Учинчидан, энергетикдаги кофеин кишини ўзига ўргатиб қўйиши, оқибатда асаб тизими касалликларини келтириб чиқариши билан ҳам хавфли. Қувват берувчи ичимликнинг таъсири 3-5 соат давомида сақланиб, кейин организм дам олиши шарт. Жумладан, спорт билан шуғулланувчиларнинг машғулотлардан сўнг, одатда, сийдик ҳайдаш хусусиятига эга энергетик истеъмол қилиши мумкин эмас.
Тўртинчидан, энерготоникларнинг меъёридан ортиқ истеъмоли организмда тахикардия, психомотор қўзғалиш, асабийлик ва тушкунлик кабиларнинг сурункали тус олишига сабаб бўлиши мумкин.