8 мартни кўпчилик хотин-қизлар байрами деб ҳисоблашади. Бизга, яъни саккиз улфатга эса 8 март «эркаклар куни»дир. «Қанақасига?» дейсизми? Ўқинг, ўқийверинг. Бу — бор гап!..
Ҳар йили 8 мартда саккиз улфат бирор чойхонага йиғиламиз. Кечгача зиёфат! Улфатчилик улфатчиликдай, байрам байрамдай бўлсин, деб зиёфатни аёлларсиз ўтказамиз. Қаерда ишлашимизни, исм-фамилиямизни сир тутган ҳолда фақат лақабларимизни ва саккиз хил эканимизни айтиб ўтмоқчиман, холос. Бунинг нима қизиғи бор, дейишга шошилманг. Балки танишингиз ёки бирор яқинингиз бўлиб чиқармиз? Масалан, Хўжакўрсин лақабли улфатимизни олайлик. У ҳамма ишни хўжа кўрсинга, номигагина бажаради. Февраль ойида қўлига бирор буюм тушиб қолса, шартта хотинига беради. «Бу сенга саккизинчи мартга!» Байрам куни қулоғи тинч. «Ҳа», деса, «совғамни бир ой олдин бериб қўйганман», дейди. Ишқул лақабли улфатимиз учун эса 8 март байрам эмас, мақсад. Уйланмоқчи бўлганида, севган қизига гул берган. Нима мақсадда? Совчиларига розилик айтиши учун! Бирор мақсади йўқми, 8 март билан атайин табрикламайди. (Кўчада дуч келиб, мажбурият юзасидан табриклагани ҳисоб эмас, албатта.) Учинчи улфатни Тинчбой деб чақирамиз. Қачон қараманг, қулоғи тинч бўлишни ўйлайди. 8 мартда хотинига, қайнонасига қимматбаҳо совға бериши мумкин. Ҳурмат қилганидан ёки яхши кўрганидан эмас! «Шулардан қулоғим тинч бўлсин! Қутулай пичингларидан!» дейди. Тўғри-да, тўртинчи улфатимизга ўхшаб совун ёки шампун совға қилмаяпти-ку! Гўлмирзага минг марта айтдик, «Ҳой инсон, мактаб давридагидек совун, шампун совға қилишни тўхтат! Тинчбойдан ўрнак ол!» деб. Йўқ, одамда дид, фаросат, романтика бўлмаса қийин экан. Ҳеч бўлмаса, улфатимиз Маишатийга ўхшаб антиқа совға ол-да, «Хотин, сенга аталган романтик совғам ётоқхонадаги жавон тортмасида турибди, мен ўртоқларим билан ошга бормоқчи эдим, кечқурун қайтаман», десин. Айниқса, ўтган йили Маишатийнинг совғасини хотини кечгача тополмай, ахийри чойхонага қўнғироқ қилди. Бир жиҳатдан ачиндим. Хотин ҳам одам, 8 мартда бунчалик кичик совға билан алдамаслик лозим. Хотин бечора тортмани очиб, микроскоп билан совға ахтариши шартми?
Эскибойда пул кўп, аммо ақл йўқ. 8 мартда зиёфат кўпайиб кетиб, хотинига совғани ҳайдовчисидан юборади. Қурумсоқ деган улфатимиздан доим ижирғанаман. Нега дейсизми? Ишхонасида ҳамкасб аёлларга бериладиган гуллар ортиб қолса, хотинига олиб боради. Бировнинг совғасини бошқа бировга бериш… Йўқ, мен буни тушунолмайман.
Энди-и, камина ҳам анойи эмас. Лақабимни бекорга Пишиқбек дейишмайди. 8 мартда хотинимга гўштқиймалагич совға қилдим. Барибир рўзғорга олишим керак эди, байрамдан унумли фойдаландим. Хуллас, шунақа гаплар! Келгуси йил чойнак совға қилмоқчиман, чунки ҳозирги чойнакнинг тутқичи синиб қолган.
Пишиқбек