Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Айни кунларда Женевада (Швейцария) БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 34-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда иштирокчи-давлатлар, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар бошқармасининг инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларига тааллуқли юздан ортиқ маърузалари кўриб чиқилди.
Сессия доирасида ўлим жазоси, иқлим ўзгаришлари оқибатлари, ногиронлар ҳамда болалар ҳуқуқлари, дори воситаларига бўлган ҳуқуқ ва бошқа масалалар муҳокама қилинаяпти.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш БМТ Бош Ассамблеяси органи бўлиб, унга 47 та давлат киради. Кенгаш сессиясида БМТ аъзолари бўлган юздан ортиқ давлатлар делегациялари қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда. Тадбирда икки давлат раҳбари, тўрт нафар вице-президент, 58 нафар вазир ҳамда 21 вазир ўринбосари маъруза қилди.
Ўзбекистон делегацияси мамлакатимизнинг бугунги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти ҳақида маъруза тақдим этди. Унда таъкидланганидек, 2 март куни Ўзбекистоннинг БМТга аъзо бўлганига 25 йил тўлди. Бу мустақил тараққиётимизни мустаҳкамлаш, республикамиз суверенитети халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида тан олинишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Жорий йилнинг февраль ойида мамлакатимиз раҳбари Фармони билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Ушбу дастуриламал ҳужжатда давлат ҳамда жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ҳамда амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Ҳаракатлар стратегияси, моҳиятига кўра, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган 2030 йилгача Барқарор тараққиёт мақсадларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг “йўл харитаси”га айланди. Давлатимиз раҳбари ташаббусига асосан, 2017 йил юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Шу йилнинг 21 февраль куни эса қонун устуворлигини қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Унда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судларнинг ихтисослашувини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.
Иқтисодиётда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш энг муҳим устувор йўналишлар сифатида белгилаб олинган. Ўзбе¬кис¬тон биринчилардан бўлиб Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг тадбиркорлик фаолиятининг раҳбарий тамойиллари бўйича резолюцияси қоидаларини муҳокама этди.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди, 2017-2018 йиллар учун тегишли Давлат дастури тасдиқланди, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилган.
Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш мақсадида мамлакатимиз барча ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари тузилди, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш учун янги механизм ҳамда самарали услублар жорий этилаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда. Ўтган даврда унга 510 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди.
Халқаро меҳнат ташкилоти билан конс¬труктив ҳамкорлик изчил давом этмоқда. Хусусан, 2020 йилгача мўлжалланган ¬Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури қабул қилинди. Халқаро меҳнат ташкилотининг Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги 87-сонли конвенцияси ратификация қилинди. Унинг қоидаларини имплементация қилиш мақсадида “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Яна бир жиҳат, 2016 йилги пахта йиғим-терим жараёни мустақил мониторинги бўйича эълон қилинган ҳисоботда Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш амалиёти йўқлиги ҳақида хулоса берган.
Мамлакатимиз БМТ устав, шартномавий органлари, агентликлари ҳамда ¬Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус процедуралари билан фаол ҳамда амалий мулоқот олиб бормоқда. Мустақиллик йилларида БМТнинг шартномавий органларига Ўзбекистоннинг 35 дан ортиқ миллий маърузалари тақдим этилган.
Ижтимоий соҳада БМТнинг ёши улуғ инсонларга нисбатан принципларини амалга ошириш мақсадида “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Юртимиз Кексалар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича БМТ саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 133 та давлати билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Мамлакатимиз 198 та кўп томонлама шартнома, шу жумладан, БМТ ҳамда унинг агентликларининг 119 та, МДҲ мамлакатлари билан 55 та, ШҲТ давлатлари билан 24 та шартнома доирасида ўз мажбуриятларини бажармоқда. Ўзбекистон 47 та давлатда дипломатик ваколатхонасига эга.
Ўзбекистон ютуқлари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 34-сессия¬сида юқори баҳоланди. Хусусан, БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Ҳелен Кларк қайд этганидек, БМТ Тараққиёт ¬дастури 2008 йилдан бери юздан ортиқ мамлакатларнинг миллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўмак бериб келади. Фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик масалаларида катта тажриба тўпланди. У Ўзбекистонда 2014 йилдан бери амалга ошириб келинаётган лойиҳаларни намуна қилиб кўрсатди. Шартномавий органларнинг, шу жумладан, Универсал даврий ҳисоботлар доирасида билдирган тавсиялари бажарилиши устидан мониторинг олиб бориш бўйича миллий ҳаракатлар режаси биргаликда ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Ҳелен Кларк ушбу ҳужжат 40 дан ортиқ миллий муассасалар ва ташкилотларнинг кенг иштирокида тайёрланганини алоҳида таъкидлади. БМТ Тараққиёт дастури раҳбари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши юқори даражасининг йиллик мунозараларида ҳам Ўзбекистон саъй-ҳаракатларини яна бир карра эътироф этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сессия¬сида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн йиллик маърузаси билан чиқиш қилди. У маърузасида, жумладан, шундай деди: “Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТнинг ҳуқуқни муҳофаза этиш механизмлари тавсияларига мувофиқ, бир қатор қонунлар ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди. Яқинда эълон қилинган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақидаги Фармонда одил судловни ва судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун шароит яратиш кўзда тутилган. Ушбу ҳужжатларнинг амалга оширилиши бутун мамлакат халқи учун ижобий натижа келтиради”.
Республикамизнинг БМТ билан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон делегацияси Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашув ўтказди. Учрашувда Олий комиссар юртимизда жамият ҳаётининг барча жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан батафсил таништирилди. Унга фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш бўйича рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар хусусида сўзлаб берилди. Зайд Раад ал-Ҳусайн қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланганини юқори баҳолади.
Олий комиссар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ташаббусларини қайд этиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббуслар юксак демократик андозаларга жавоб беради ва мамлакатнинг халқ фаровонлигини изчил ошириш йўлида ўз шериклари билан мулоқотга очиқлигини кўрсатади. Зайд Раад ал-Ҳусайн Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Ўзбекистонга кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш 34-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлганининг 25 йиллигига бағишлаб брифинг ўтказилди. Унда йирик халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари, жамоатчилик ҳамда илмий доиралар, экспертлар қатнашди. Тадбирда меҳмонларга мамлакатимизда ¬сиёсий, суд-ҳуқуқ ва социал-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди. Меҳмонлар Ҳаракатлар стратегияси ҳамда уни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури билан танишдилар.
Хусусан, Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блум мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, фуқароларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ҳаётга татбиқ қили¬наётган кенг кўламли ўзгаришлар жараёнига ижобий баҳо берди. Унинг қайд этишича, мустақиллик йилларида қонун устуворлиги асосида барпо қилинган очиқ ҳамда барқарор сиёсий тизим мана шундай ислоҳотларга йўл очди.
— Ўзбекистон ўз олдига қўйган олий мақсад — ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиш, халқи учун фаровон турмуш шароитларини яратиш йўлида дадил одимламоқда, — деди Р. Блум.
Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари ҳам Ўзбекистон ва ХМТнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли меҳнат соҳасидаги асосий ҳуқуқ ҳамда тамойилларни илгари суришда ҳам сезиларли натижаларга эришилганини таъкидлади. Уларнинг билдиришича, шу йил 28 февраль куни имзоланган 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат мамлакат дастурини узайтириш тўғрисидаги битим икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Юртимизда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этишга БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. БМТ Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. Бинобарин, БМТнинг Марказий Осиё минтақасига эътиборини кучайтириш, шартномавий органлар фаолиятини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни мустаҳкамлаш мамлакатимиз учун катта аҳамиятга эгадир.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори.