Жорий йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига чорак аср бўлди. Шу муносабат билан 2 январь куни Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга мактуб йўллаб, Ўзбекистон Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканлигин таъкидлаган.
Бугунги кунда сайёрарамизнинг энг йирик ва қудратли давлатларидан бири – Хитой азалдан қадимий маданият, тамаддун, фалсафа, илм-фан ва тараққиёт бешикларидан бири бўлиб келган. Тарихий манбалар бундан минг йиллар аввал ҳам халқларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, маданий соҳалардаги алоқалар тараққий этганини кўрсатади. Хусусан, икки минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Буюк ипак йўли ҳар икки мамлакатни асрлар давомида бирлаштириб келган.
Хитой Халқ Республикаси мамлакатимиз мустақиллигини биринчилар қатори тан олган ва биз билан дипломатик муносабатларни йўлга қўйган давлатлар сирасига киради.
Бу йўллар кўп қадим йўллар...
Ўзбекистон Президенти ушбу мактубида таъкидланагидек, халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган.
Хитойлик сайёҳлар, элчилар бизнинг тарихимиз, маданиятмиз ҳақида жуда кўп қимматли маълумотларни ёзиб қолдирганлар. Жумладан заминимизда ҳукм сурган Даван (Фарғона), Канғ, Хионийлар, Турк ҳоқонлиги сингари давлатлар, бу заминдаги ўтимизда мавжуд бўлган қадриятлар, урф-одатлар ҳақида Хитой солномачилари қимматли маълумотларни ёзиб қолдирганлар.
Эрамизнинг еттинчи асрди Самарқандга келган Хитой элчиси Вэй Цзе бу шаҳар одамлари ҳақида “Кан (Самарқанд) халқи азалдан савдо-сотиқ билан шуғулланади. Оилада ўғил фарзанд дунёга келса, беш ёшидан унга хат-савод ва савдо-сотиқ илмини ўргатишади” деб ёзганди.
Шунингдек, Хитой манбаларида Фарғона водийсида олов ёлли, самовий тулпорлар парваришлангани, бу арғумоқларга Хитой императорлари ҳам катта ҳавас билан қаралгани ёзилади.
Шарқу Ғарбни бир неча аср давомида боғаб келган тархий буюк ипак йўли ҳам Хитойнинг марказидан бошланиб, бизнинг Марғилон, Самарқанд, Бухоро, Термиз сингари қадимий шаҳарларимиз оша дунёнинг бошқа нуқталарига уланиб кетган. Табиийки, бу қадимий йўлдан савдогарлар, саркардалар, элчилар, дарвешлар тинимсиз қатнашган.
Темурийлар элчилари ҳоқон ҳузурида
Темурийлар ҳукмронлиги даврида Хитой билан дипломатик алоқалар янада мустаҳкамланган. 1419 йилнинг 4 декабрида Ҳиротдан Шохрух Мирзонинг амир Шодихўжа ва Кўкча бошчилигидаги элчилари йўлга тушадилар. Уларга Мирзо Бойсунғурнинг Султон Аҳмад ва Ғиёсиддин Наққош бошчилигидаги элчилари ҳам қўшилади.
Бойсунғур Мирзо Хожа Ғиёсиддинга барча кўрган-кечирганларини қайд этиб ёзиб беришни буюради. 1422 йилнинг баҳорида уч йилдан узоқроқ давом этган сафардан қайтган Ғиёсиддин Наққош ўз кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб, ҳукмдорга тақдим этади. Форс тилида битилган бу асар “Ажойибул-латойиф” ёхуд Хитой саёҳатномаси деб номланган. Ўз даврида Абдураззоқ Самарқандий, Мирхонд, Ҳофизи Абрў сингари тарихчилар ушбу саёҳатномадан ўз асарларида иқтибослар келтириб ўтадилар.
Хуросонлик элчилар Балх орқали Самарқандга етиб келадилар. Бу ерда уларга бошқа вилоятлардан юборилган элчилар ҳам келиб қўшилади. 1420 йилнинг 25 февралида барча элчилар бирлашиб, яна Хитой томон йўл оладилар ва 24 августь куни Хитой ҳудудига кирадилар.
Наққошнинг ёзишича, Хитойга қарашли биринчи катта шаҳар Сўкжуда императорнинг хос надимлари элчиларни катта тантана ва эҳтиром билан кутиб олганлар ва катта дастурхон ёзиб зиёфат берадилар. Маълумотларга кўра, мазкур карвон таркибида 500 дан ортиқ одам бўлган. Элчиларнинг пойтахтга бехатар киришлари учун ҳар бир бекатда махсус хизматчилар кутиб олишиб, уларни жой, озиқ-овқат билан таъминлашган, кейинги бекатгача кузатиб боришган.
Наққош Пекин шаҳридаги император саройи ва ундаги қабул маросимларини тўлиқ тафсилотлар билан баён этади. Саройда юз мингдан ортиқ одам императорга салом бериш учун пешонасини ерга қўйиб, кутиб туриши ёзилади.
Маълумки, 1420 йилда Минь сулоласи вакили император Чжу Ди ўзи учун қурилган янги саройга кўчиб ўтади. Айни пайтда ҳам мазкур иншоотлар Ер юзидаги ҳукмдорлар саройлари орасида энг каттаси саналади. Темурийлар салтанатининг элчилари ана шу тарихий воқеанинг гувоҳи бўлишади ва шу муносабат билан ўтказилган байрам тантаналарида ҳам иштирок этишади.
Пекинда элчилар шарафига шоҳона дастурхонлар тузатилади. Улар 16 февралдаги Хитой янги йилининг кириши, байрам кунларида пойтахт кўчаларидаги мушакбозликлар, кечалари фонарлар билан ёритилган кўчалар, турли хил жанглёрлик томошалари, алоҳида дид-эътибор билан безатилган дастурхонлар, хитой таомлари элчиларда зўр таассурот қолдирган. Император томонидан элчиларга ов қушлари, тилла ва кумуш буюмлар, ипак матолар ва бошқа совға-саломлар ҳадя этилади.
Шу тариқа Мовароуннаҳр ва Хуросондан борган элчилар 1421 йилнинг 8 майида Хонбалиқдан йўлга чиқиб, 1422 йилнинг 2 сентябрида Ҳиротга қайтиб келадилар.
Ғиёсиддин Наққош ўз “саёҳатном”сида Хитой анъаналари, урф одатлари, хусусан Хитой янги йили, элчиларни қабул қилиш маросми, халқ ўйинлари, таомлари, бозорлари, ибодатхонлари, расм-русумлари ҳақида батафсил маълумот беради.
Элчи ўз кундалигида Хитойдаги жазолаш тизимига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Унинг ёзишича, ўлим жазосига лойиқ жиноятга қўл урганлар олис вилоятлардан пойтахтга келтирилар, айбдорнинг қилмиши тахтачага ёзилиб, бўйнига осиб қўйиларкан. Императорнинг ўн икки девони бўлиб, жиноятчининг айби ҳар бир девон томонидан тасдиқланиши керак экан. Агар шу девонлардан лоақал биттаси айбсиз деб топса, жиноятчи афв этилиши мумкин экан. Шунингдек, агар айбланувчининг айбсизлигини исбот эта оладиган гувоҳ олти ойлик масофада яшаши маълум бўлса ҳам, ўша гувоҳни топиб келишаркан.
Умуман олганда ушбу тарихий асар нафақат ўзбек дипломатияси тарихи, балки, Хитой халқининг тарихи, анъана ва урф-одатларини ўрганишда ҳам муҳим ўрин тутади.
Оққан ариқ оқмасдан қолмас
Истиқлол йилларида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар тарафлама алоқалар сезиларли даражада ортди.
Яқинда Хитойда нашр этиладиган “Diplomat Magazine” журнали Ўзбекистон ва ХХР ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган мақолани чоп этди. Унда замонавий босқичда Ўзбекистон - Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатлар турли йўналишларда муваффақият билан ривожланаётгани қайд этилган. Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги энг муҳим шерикларидан, ўзбек иқтисодиётини модернизациялаш бўйича узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этаётган йирик сармоядорларидан бири саналади.
Узоқ муддатли ва самарали Ўзбекистон - Хитой мулоқотининг асосий тамойиллари Дўстлик, ҳамкорлик ва шериклик муносабатлари тўғрисидаги шартнома (2005), Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларация (2012), шунингдек, 2013-йили имзоланган Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда Икки томонлама стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ривожлантириш тўғрисидаги қўшма декларацияда муҳрлаб қўйилган. Умуман олганда, Ўзбекистон - Хитой алоқаларининг шартномавий-ҳуқуқий замини турли йўналишларни қамраб олган 220 дан ортиқ ҳужжатдан иборатдир.
Нашр таъкидлаганидек, жаҳон иқтисодиётида беқарорлик шароити сақланиб қолаётганига қарамасдан, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми юқорилигича қолмоқда. Мамлакатда фаолият кўрсатаётган Хитой компаниялари сонининг изчил ошиб бораётгани ХХР ишбилармонлар ҳамжамияти Ўзбекистонга катта қизиқиш билан қараётганини тасдиқлайди.
Шу ўринда кенг қамровли лойиҳа - Ангрен - Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннели қурилиши кўп қиррали ҳамкорликнинг яққол мисоли эканлиги таъкидлаш ўринлидир. Ўтган йилнинг 22 июнь куни мазкур туннелнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг иштирок этганини ҳам ўзига хос тарихий воқеа бўлди.
Дўстона ҳамкорлик самараси
Ўзбек ва хитой халқлари азалдан ўзаро савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби соҳаларда изчил давом эттирилмоқда.
Икки давлатнинг халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича позиция ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. Бу мамлакатларимизнинг ўзаро ва кўп томонлама алоқаларида муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон ва Хитой халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. БМТ, ШҲТ сингари халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқ соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсиб бормоқда. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзаро ҳамкорликда қатор йирик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2013 йилда ташкил этилган Ўзбекистон – Хитой юқори технологиялар саноат парки – “Жиззах” махсус индустриал зонаси бунинг ёрқин намунасидир. Ушбу индустриал зонада мобиль телефонлар, тикув машиналари, қурилиш материаллари, қуёш коллекторлари ва бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Мамлакатларимиз ўртасида маданият, фан, таълим, туризм соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. “Ўзбекистон – Хитой” ҳамда “Хитой Халқ Республикаси – Марказий Осиё мамлакатлари” дўстлик жамиятлари ишлаб турибди. Фан-техника муассасалари ўртасида илмий ҳамкорлик, олий ўқув юртлари орасида талабалар алмашуви кенгаймоқда. Хитой Марказий миллатлар ва Пекин хорижий тиллар университетларида ўзбек тили фан сифатида ўқитилади. Ўзбекистонда бир қатор олий ўқув юртларида хитой тили ўргатилмоқда. Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилган.
Мамлакатларимизда ўзаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан маданй-маърифий тадбирлар, кўргазмалар, фестиваллар мунтазам ўтказилмоқда. Хитойлик санъаткорлар ҳар икки йилда Самарқандда ўтадиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Тошкент ва Шанхай, Самарқанд ва Сиань, Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилганини ҳам ана шу азалий дўстликнинг бугунги самаралари дея таъкидлаш лозим. Умуман олганда, Ўзбекистон ва Хитой ҳар соҳада бир-бири билан дўстона ҳамкорликни амалга ошириши учун барча имкониятлар мавжуд.
Рустам ЖАББОРОВ