Касб-ҳунар коллежларида тўлов-контракт асосида ўқув курслари очилибди, деб эшитдим. Агар очилган бўлса, тўлови қанча?
Дилниёз, Тошкент шаҳри
Х.ЗИКРИЛЛАЕВ, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари:
— Вазирлар Маҳкамаси Таълим ва илм-фан масалалари комплексининг 2016 йил 28 декабрдаги 1-сонли йиғилиши қарори билан ва Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 21 августда 1844-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги таълимни олиш тартиби тўғрисида”ги Низом асосида Республика касб-ҳунар коллежларига умумий ўрта маълумот ва ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга шахсларни тўлов-шартнома асосида қабул қилиш режаси тасдиқланди.
Шунга кўра, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2016 йил 31 декабрдаги 366-сонли буйруғи чиқарилиб тўлов-шартнома асосида ўқишни хоҳловчиларни қабул қилишга рухсат берилди.
Тўлов шартнома суммаси касблар турига қараб бир йилу олти ойга 2 млн. 100 минг сўмдан бошлаб, 2 млн.284 минг сўмгача белгиланган.