1

​Дубайда эркакларнинг “кўнглини овлаган” опа-сингил қисмати

ЖИНОЯТ 03.04.2017, 14:59
Теглар: Аёл, Қиз, фоҳиша
​Дубайда эркакларнинг “кўнглини овлаган” опа-сингил қисмати

Салимова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) у эринчоқликми, машаққатли меҳнатга тоби йўқми, ё бошқа сабабданми бирор ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмасди. Шу сабабдан умри бекорчиликда ўтарди…

Кунларнинг бирида у дугонаси Сабина билан интернет орқали суҳбатлашиб қолади.

— Ишларингиз жойидами? — сўради Гўзал дугонасидан.

— Раҳмат, яхши, ўзингизда-чи? — Сабина айни Гўзалнинг кўнглидаги саволни берди гўё.

— Э, сўраманг, бекорчиликдан зерикиб кетдим. Менга мос бирор юмуш йўқми?

Гўё Сабина ҳам Гўзалдан худди шундай эътирозни кутгандек, бирдан таклифини билдирди:

— Рози бўлсангиз, менда бир иш бор, ишлайсизми?

— Қандай иш экан, айтинг-чи, қўлимдан келадими?

— Ҳа, албатта, Дубайга бориб эркакларни кўнглини овлаш билан шуғулланинг, яхшигина пул топасиз. Тезда бойиб кетасиз.

Бу таклиф Гўзални ўйлантириб қўйди.

— Қандай бўларкан, у ерларга олдин бормаган бўлсам? Қолаверса, йўлкирага ҳам пулим йўқ, — бироз сукунатдан сўнг тилга кирди Гўзал.

— Хавотир олманг, бу масалани ўзим ҳал қиламан. Қизим сизга ўз ҳисобидан чипта сотиб олиб беради. Пулини ишлаб қайтарасиз, шунга нима дейсиз?

— Ростданми? — кутилмаган ҳимматдан Гўзалнинг гўё эси оғиб қолди. — Менга таклифингиз маъқул, розиман. Қачон жўнайман? — савол кетидан савол берди у.

— Ўзимиз алоқага чиқамиз, тайёргарлигингизни кўриб туринг.

Ваъда қилинган “ҳиммат”

Шу суҳбатдан сўнг маълум вақт ўтиб, “ҳимматли” ҳамкор ваъда қилган авиачипта Гўзалнинг қўлига етиб келди. Сабина дугонаси Гўзалга интернетдаги мулоқотлар орқали Дубайга қандай бориш йўлларини эринмасдан тушунтирди. Гўзал эса мўмай даромад топиш илинжида кўзланган манзил томон ошиқади. Ҳатто шошганидан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган “Дунёнинг барча давлатларига чиқиш ҳуқуқини берувчи рухсат ёзувини” расмийлаштиришни ҳам унутиб қўяди.

Манзилда кутган биринчи “сюрприз”

2015 йил, 30 август. Гўзал шу “ҳиммат” орқасидан Бирлашган Араб амирликлари давлатининг Дубай шаҳрига етиб боради. “Ўлжа”ни “саховетпеша”нинг ўзи ва унинг таниши Шаҳина кутиб оладилар.

— Салом, дугонажон, яхши етиб келдингми? — сўз бошлади Сабина.

— Раҳмат, озгина қийинчилик бўлди. Биринчи марта узоқ сафарга чиқишим-да.

— Хавотирланма, ҳозир уйга бориб, дам олсанг, чарчоқлар чиқиб кетади, — деди Сабина. Кейин ҳамроҳини таништиришди ва: — Сен бугундан бошлаб, шу аёлнинг уйида яшайсан, — деб қўшиб қўйди.

— Тушунмадим, сиз билан суҳбатлашганимизда бу инсон ҳақида гапирмагандингиз-ку, — юрагида салгина қўрқув билан сўради Гўзал.

— Айтиш ёдимдан кўтарилибди. Бунинг нима аҳамияти бор? Пашшадан фил ясаманг, — жеркиди Сабина уни.

— Майли, сиз айтганча бўла қолсин, — бошқа сўз қотишга ожизлик қилди Гўзал.

— Фуқаролик паспортингиз қаерда?, — сўради Сабина Гўзалдан. Бу саволдан Гўзални яна ҳадиксиради, аммо буни сездирмасликка уриниб жавоб берди:

— Мана, сумкамда. Тинчликми, уни нима қиласиз?

— Менга беринг, бу аёлга бераман, — ҳамроҳига ишора қилди Сабина, — у эҳтиёт қилиб қўяди.

— Танимаган одамимга қандай қилиб ҳужжатимни ишониб топшираман? — Гўзал энди қилган ишини бироз тушунгандек савол берди.

— Бугундан бошлаб у одам бизга бошлиқ ҳисобланади, вазиятдан осонгина қутулди Сабина.

Илк “сабоқ” ва...

Кейин Сабина дугонасига фоҳишалик қилиши учун мижозни қандай кутиб олиш кераклигини ва уларга қандай хизматлар кўрсатиши лозимлигини, хуллас унинг белгиланган хизматларини тушунтириб берди. Дугонасидан керакли кўрсатмаларни олган Гўзал чет элдаги “фаолиятини” бошлади. Дастлаб барчаси кўнгилдагидек давом этди. Шу сабабдан бўлса керак, унда синглисини ҳам ўзига шерик қилиш фикри уйғонди.

— Ҳозир нималар қиляпсан, бекорчи бўлсанг олдимга келиб ишламайсанми?” — деди бир куни синглиси билан суҳбатлашаётган вақтида.

— Қандай иш, опажон? — қизиқди сингил.

— Оддий иш, бор-йўғи эркакларни хурсанд қилсанг бўлди. Бунинг эвазига яхшигина ҳақ тўлашади, — синглисини қизиқтирди Гўзал.

— Ростданми, бироз ноқулай...

— Бошида шунақа туюлади, ўрганиб кетасан, — сингилни таклифига кўндириш учун уринди опа.

— Майли, розиман.

Сингилни кўндирган Гўзал бу ҳақда ота-онасига айтмаслигини, уларга Россияга ишлашга кетаётганини билдиришини тайинлади.

— Тўғрисини айтсанг, рухсат беришмайди-да... — опа бу таъкидларини изоҳлаган бўлди. Гўзал синглисига электрон авиабилет юборилишини ваъда қилди. Ҳатто синглисининг хорижга чиқиш рухсатномаси йўқлигига ҳам йўл топиб берди:

— Бунга ҳожат йўқ, ноқонуний келаверасан, мен ҳам шундай қилганман.

Қочишга ундаган соғинч қийноғи

Ниҳоят ўша кун келди. Сингил катта орзулар билан чет эл сафарига йўл олди. Дубайга етиб борганда уни опасининг хўжайини қарши олди ҳамда ўз уйига олиб кетди. Ушбу бошлиқнинг хонадонида опа-сингил биргаликда ишлай бошлашди. Орадан бир неча кунлар ўтиб, опа-сингилларни юрт, ота-она, дўст-биродарлар соғинчи ўртайди. Шу сабабли улар бошлиғидан уйга кетиш учун рухсат сўрайдилар.

— Мана, бегона юртга келганимизга ҳам анча вақт бўлди. Паспортларимизни берсангиз, чипта олиб уйга жўнасак.

— Ҳеч қаерга кетмайсанлар, — жавоб берди бошлиқ.

— Нега? — бошлиқнинг гапидан ҳайратланиб сўради опа-сингил. Кейин опа-сингил бу ерга келгунларича бошлиқнинг сарфлаган пулларини тўламагунча, ҳеч қаерга кета олмаслик ҳақидаги “саховатпеша”нинг даъвосидан кейин яна ишлашда давом этишга мажбур бўлишди. Чунки ҳужжатлар “залог”да. Ҳужжатларсиз эса остона ҳатлаб чиқишнинг умуман иложи йўқлигини яхши билишади. Бечора опа-сингиллар бошлиқнинг важоҳатидан қўрқиб, ишлашда давом этишса-да, бундай ишлашга ортиқ чидай олмасликларини билиб имкон туғилиши билан қочишни режалаштиришди.

Кунларнинг бирида вазият пайдо бўлиб, хонадонни тарк этдилар. Улар тўғри БААнинг Дубай шаҳридаги Ўзбекистоннинг элчихонасига боришди. Бу ердаги инсонларга ўзларининг бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб беришди ҳамда улардан кўмак сўрашди. Шундан сўнг элчихона ходимлари ёрдами билан улар уйларига қайтишди. Аммо Тошкент халқаро аэропортига келиб тушишган вақтида чегара назорат ходимлари томонидан уларнинг фуқаролик паспортлари текширилди. Текширув вақтида эса уларнинг белгиланган тартибни бузиб, БААнинг Дубай шаҳрига борганликлари аниқланди. Энди уларнинг бу жинояти жавобсиз қолмайди.

Хулоса

Инсон ҳайвондан онгу шуури, оқни қорадан ажрата олиши билан фарқланиши ҳаёт ҳақиқати. Аммо ўзини чоҳга ургани етмагандек, синглисини ҳам ботқоққа ботирган опани инсон дея эътироф этиш мумкинми? Бир сўз билан айтсак, йўқ. Тўғри, улар қилган жинояти учун албатта жазосини олади, аммо инсон умри деган неъматнинг қадрли лаҳзаларини ножўя ишларга сарф этиб, ҳаром ейилган луқмадан халос бўла олишадими? Бизнингча, агар улар қилган ножўя ҳаракатидан тўғри хулоса чиқарган бўлса, бундай ҳаромлик уларнинг бўғзини бир умр тирнаб ўтиши шубҳасиз, аммо агар акси бўлса...

Шундай экан, умримизнинг ҳар сониясини мазмунли ишларга сарф этайлик.

Хоразм вилояти, Қўшкўпир туман суди ҳукми асосида

Зуҳриддин РАҲМОНОВ тайёрлади

Шарҳлар

Аёлни қотилликка бошлаган рашк: Янгийўллик жувон бошқа аёлга уйланмоқчи бўлган шаръий никоҳидаги эрини ўлдириб қўйди...

23.08.2021, 16:08

Қишнинг қировли кунларидан эсон-омон чиқиб олган Комилжон ота кенжа фарзанди Муродни (исм-шарифлар ўзгартирилган) уйлаш мақсадида тўй тайёргарликларини бошлаб юборди. Узоқ изланишлардан сўнг қиз ҳам топилди. Бироқ унаштирув...
Аёлнинг жони қирқта, аммо қисмати биттами? Ёхуд зўравонлик ва тазйиқ қурбонлари… (видео)

01.06.2021, 18:32

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг таҳқирланиши, аёвсиз калтакланиш ҳолатлари акс этган хабар ва воқеалар ҳақидаги чиқишлар кескин ортиб кетди. Аммо бу каби вазиятлар кечагина содир...
Фарғонада 32 яшар аёл томорқасида кўкнори етиштираётгани аниқланди

13.05.2021, 22:34

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 32 яшар аёл уйининг томорқасида кўкнори ўсимлиги етиштираётгани аниқланди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 май куни...
Тошкентда қиз севгилисини пичоқлади, омон қолган йигит ҳали ҳам унга уйланиш ниятида (видео)

16.12.2019, 11:35

Тошкентдайигит ва қиз ўртасида рашк сабабли келиб чиққан жанжал оқибатида қиз севгилини пичоқлади. Йигит эса бахтли тасодиф билан омон қолган. Бу ҳақда «Замон» ахборот дастурида...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1